17 сентябр куни «Ишонч» жамғармаси «Иқлим ўзгаришига чидамлилик моделлаштириш ҳамда мактабларда сув таъминоти, санитария ва гигиена (WASH) тизимларини ривожлантириш» лойиҳаси учун 20 миллион доллар ажратганини эълон қилди. Лойиҳа расман 2025 йил 1 октябрдан бошланади.
Маблағлар Швейцарияда Гулнора Каримовадан мусодара қилинган активлар ҳисобидан қопланади ва коррупция билан боғлиқ маблағларни мақсадли ишлатишнинг йирик намунасидан бирига айланади.
Лойиҳа режасига кўра, 2026 йил охирига қадар мамлакат бўйлаб камида 45 та қишлоқ мактаби таъмирланади. Уларда хавфсиз сув таъминоти, замонавий ҳожатхоналар ва санитария узеллари, энергия тежовчи иситиш тизимлари ва “яшил” манбалар асосида электр таъминоти ўрнатилади. Бу ресурслар сарфини ва зарарли чиқиндилар даражасини камайтиради.
Лойиҳадан кутилган асосий натижалар:
- 31 500 бола, жумладан қизлар учун гендер сезгир ва махфий санитария шароитлари яратилади;
- асосий қулайликлар йўқлиги билан боғлиқ дарс қолдириш ҳолатлари қисқаради;
- 2 700 ўқитувчи ва маъмур климатга чидамлилик, санитария ва маҳаллий жамоа билан ҳамкорлик йўналишида ўқитилади.
Айни пайтда, Ўзбекистонда мактаб ёшидаги болалар сони дунёда энг тез ўсиб бораётганлардан бири бўлиб, 1,4 миллиондан ортиқ ўқувчи сув таъминоти чекланган ёки йўқ мактабларда таҳсил олади. Қишлоқ жойларда эса ҳали ҳам эски чуқур ҳожатхоналар ва самарасиз иситиш тизимлари қўлланилмоқда.
Янги ташаббус иқлим ўзгаришига чидамли, хавфсиз, инклюзив ва гендер стандартларига мос инфратузилмани яратишга қаратилган бўлиб, келгусида мамлакатдаги барча таълим муассасалари учун намуна бўлиши мумкин.
Шунингдек, “Менинг энг яхши мактабим” номли рақамли портал ишга туширилади. У орқали ота-оналар, ўқитувчилар ва маҳаллий аҳоли бюджетлар, иш муддатлари, пудратчилар ва қурилиш жараёнини реал вақтда кузатишлари мумкин бўлади.
Бундан ташқари, фуқаролик жамияти вакиллари иштирокида «Ҳалоллик пакти» механизми синовдан ўтказилади. Бу харидлардан тортиб шартномалар ижросигача барча жараёнларни шаффоф ва коррупциядан холи таъминлашга хизмат қилади.
«Биз ҳар бир таъмирланган мактабни ота-оналар, ўқитувчилар ва болалар эҳтиёжларига мос қилиб берамиз. Реституция ваъдаларининг бажарилиши эса Ўзбекистон халқи манфаати йўлида бўлади», — деди «Ишонч» жамғармаси ҳузуридаги Жамоат кенгаши раиси Сайёра Хўжаева.
Комментарии