Мажбурий ижро бюроси Тошкент шаҳар бошқармаси Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг ижро варақасига асосан "Қурамах Medical" МЧЖ омборхоналари ва божхона омборларида сақланаётган 3 млн 200 минг донадан ортиқ дори воситаларини йўқ қилишга киришди. Бу ҳақда МИБ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Ушбу дорилар орасида Ўзбекистонда камида 68 нафар боланинг ўлимига сабаб бўлган "Док-1 Макс" сиропи ҳам бор.
Жумладан, қуйидагилар йўқ қилинади:
• 811 478 дона "Док-1 Макс" таблеткаси;
• 101 669 шиша "Док-1 Макс" сиропи;
• 2 252 796 та "Амбронол" таблеткаси;
• 56 672 шиша "Амбронол" сиропи.
Тадбир ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, санитария-эпидемиология хизмати, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси ҳамда холислар иштирокида ўтказилмоқда.
Дори воситалари экология ва атроф-муҳитга зарар етказмаган ҳолда махсус печда ёқиш орқали йўқ қилинади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда "Док-1 Макс" сиропини қабул қилиш оқибатида 68 нафар бола вафот этди. 16 нафар болада оғир, 2 нафарида енгил асоратлар кузатилган. Масъул шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Дори воситасини Ўзбекистонга расман импорт қилган "Қурамах Medical" МЧЖ раҳбари 20 йилга, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг собиқ раҳбари Сардор Кариев 18 йилга озодликдан маҳрум этилди.
Комментарии