Шавкат Мирзиёев пайшанба куни Тошкент вилоятида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлиги ва янги режалар муҳокамаси юзасидан йиғилиш ўтказди.
Тадбирда президент Тошкент вилоятининг барча туманларини пойтахт билан тезюрар электропоездлар орқали боғлаш вазифасини қўйди. Бу янги уй-жойлар, инфратузилма ва хизматларга талабни оширади, аҳоли эса ҳар куни Тошкентга келиб ишлай олади.
Бундан ташқари, Тошкент вилоятидаги бўш ерларни "Тошкент инвест" компанияси ва шаҳар саноат зоналари дирекцияси тасарруфига ўтказиш, экологик зарарли корхоналарни эса пойтахтдан ташқарига кўчириш режалаштирилган.
Шунингдек, Нурафшон, Олмалиқ ва Чирчиқ шаҳарларида хорижий инвестициялар иштирокида саноат корхоналари ташкил этиш учун иккита подстанция қуриш режалаштирилган. Бекободда импорт ўрнини босувчи автомобиль эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқариш, Оққўрғон туманида озиқ-овқат ва тўқимачилик корхоналари, Оҳангарон, Ангрен ва Ўрта Чирчиқ туманларидан оқиб ўтувчи Қорасув канали бўйида сайёҳлик ва савдо мажмуалари ташкил этиш режалаштирилган.
"Тошкент вилояти саноатда ҳам, қишлоқ хўжалигида ҳам энг катта салоҳиятга эга ҳудуд. Асосийси, вилоят юртимиздаги энг йирик истеъмол ва хизматлар бозорини, яъни пойтахтимизни ҳар томондан ўраб туради. Бу ҳам жуда катта имконият. Уни тўлиқ ишга солиб, инвестиция, экспорт ва иш ўрни кўрсаткичларини каррасига оширса бўлади," - деди Шавкат Мирзиёев.
Умуман, вилоятда 2 миллиард 500 миллион долларлик инвестиция лойиҳалари ишлаб чиқилган. Уларнинг амалга оширилиши 11 мингдан ортиқ кишининг бандлигини таъминлаш ва 434 миллион долларлик экспорт салоҳиятини яратиш имконини беради.
Комментарии