Сўнгги йилларда заргарлик соҳаси давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида белгиланди. Президентимизнинг 2024 йил 23 июлдаги ПФ-104-сон Фармони соҳанитубдан ислоҳ қилишга янги туртки бўлди. Мазкур ҳужжат доирасида ишлаб чиқарувчиларга имтиёзлар тақдим этилди, молиявий қўллаб-қувватлаш кучайтирилди ва янги инфратузилма яратилишига кенг йўл очилди. Бу жараёнларда “Ўзмиллийбанк” етакчи молиявий шерик сифатида иштирок этмоқда.
Бугунги кунда юртимизда миллий заргарлик брендларини яратиш бўйича олиб борилаётган ишлар ўз натижасини кўрсатиб, Fonon, Sofizar, Butterfly, Gavhar, Souvenir, Uzgold, Zabur, Merrit каби кўплаб брендлар бугун нафақат ички бозор эҳтиёжини қондирмоқда, балки ташқи бозорларда ҳам Ўзбекистон заргарлик саноати салоҳиятининг муносиб элчилари сифатида таниляпти. Улар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар халқаро стандартларга жавоб бера олиши билан бирга, замонавий дизайн ва юқори сифат орқали рақобат муҳитида ўз ўрнини топмоқда.
2025 йилнинг саккиз ойи давомида заргарлик саноатида сезиларли ўсишлар кузатилди, хусусан:
Заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш ҳажмлари 12 600 кг, қиймати 7 614 млрд сўмни (10 800 кг олтин қиймати 7 560 млрд сўм ва 1 800 кг кумуш қиймати 54 млрд сўм) ташкил этди (ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш 244 %).
Бу рақамлар мамлакатимизда ишлаб чиқариш қувватлари ошаётганини ва ички талаб барқарорлашиб бораётганини тасдиқлайди. Йил якунига қадар, саноатда жами 20 850 кг. заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш асосий мақсад қилиб белгилаб олинган.
Шуни таъкидлаш лозимки, заргарлик маҳсулотлари нафақат ички бозорда, балки ташқи бозорларда ҳам юқори талабга эга бўлмоқда:
• 2025 йилнинг саккиз ойи давомида 278 млн долларига тенг бўлган 3 386 кг тайёр заргарлик буюмлари экспорт қилинди (ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш 482 %).
• Асосий хорижий бозорлар Хитой, БАА, Туркия, Қирғизистон, Тожикистон, Қозоғистон ва Россия давлатларига тўғри келмоқда.
Бу кўрсаткичлар Ўзбекистон заргарлик саноати халқаро бозорда ўз брендини мустаҳкамлаётганидан далолат беради десак муболаға бўлмайди.
Соҳада тадбиркорлик субъектлари сони ҳам кескин ортиб, айни пайтда қимматбаҳо металлардан заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчилар ва шу йўналишда савдо фаолияти билан шуғулланувчилар сони 2 099тани ташкил этмоқда. Қўшимча равишда 76та МЧЖ, 74 та ЯТТ ҳамда 293 та чакана савдо дўкони ташкил этилди. Умумий ҳисобда соҳада жами 5 186 нафар аҳоли бандлиги таъминланди.
Бугунги кунда, “Ўзмиллийбанк” томонидан соҳага жами 233,5 млрд сўмлик молиявий хизматлар кўрсатилди. Бунда, 52,8 млрд сўм кредитлар, 20,7 млрд сўм факторинг, 83 млрд сўм банк кафолатлари ҳамда 77 млрд сўм инвестиция маблағлари ажратилди.
Бу механизмлар ишлаб чиқарувчилар учун ишончли молиявий пойдевор вазифасини бажармоқда.
Заргарлик саноатини ҳудудий ривожлантириш мақсадида республикада янги марказлар барпо этилмоқда. 2024–2026 йилларда — Тошкент шаҳрида 3 та, Андижон, Наманган, Фарғона, Бухоро, Самарқанд ва Хоразмда биттадан марказ ташкил этилиши белгиланган.
Илк заргарлик маркази Тошкентда ишга туширилди, унда NBU GOLD, Marakanda Jewel ва BAYGOLD компаниялари ўз фаолиятини бошлади. Мазкур заргарлик марказининг йиллик ишлаб чиқариш қувватлари 5 000 кг. ни ташкил этмоқда.
Андижонда AYISTA GOLD томонидан замонавий заргарлик маркази ташкил этилиб, заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди, ўқув курслари ташкил этилди, синов лабораторияси ва қимматбаҳо металларни сақлаш бўйича махсус омборхона билан таъминланди ҳамда 36 та янги дўконлар ишга туширилди. Фарғонада хорижий инвестор иштирокидаги AKILLI GOLD маркази ташкил этилиб, дастлабки ишлаб чиқариш жараёнлари бошлаб юборилди. Яқин кунларда тўлиқ ҳажмда иш фаолиятини йўлга қўйиш режалаштирилган.
Бу лойиҳалар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, янги иш ўринлари яратиш ва миллий брендни халқаро бозорга олиб чиқиш имкониятларини янада кенгайтириши кутилмоқда.
Заргарлик саноатида устоз-шогирд анъаналари ва замонавий таълим тизими уйғунлашиб бораётганини таъкидлаб ўтиш зарур. Тошкент Давлат техника университети, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомчилик ва дизайн институти ҳамда касбий кўникмалар марказлари талабалари ишлаб чиқариш корхоналарида амалиёт ўташ имкониятига эга бўлмоқда. Бу эса ёшларнинг билим ва кўникмаларини амалда мустаҳкамлаб, кейинчалик уларнинг соҳада фаол иш бошлашларига шароит яратади.
Заргарлик соҳасидаги ислоҳотлар халқаро кўламда ҳам намоён бўлаётгани эътиборга лойиқ. 2025 йил 23–25 май кунлари Тошкент шаҳрида иккинчи бор Uzbek Jewellery Fair халқаро кўргазма-савдоси ўтказилди. Тадбирда Италия, Туркия, БАА, Озарбайжон, Германия, Россия, Арманистон каби мамлакатлардан 30 дан ортиқ хорижий компания, шунингдек, 40 дан зиёд маҳаллий ишлаб чиқарувчи ўз маҳсулотларини намойиш этди.
Кўргазмага 3 мингдан зиёд меҳмон ташриф буюрди. Икки томонлама учрашувлар ва музокаралар натижасида умумий қиймати 13 млн.долларига тенг келишувларга эришилди. Бундай кўргазмалар мамлакатимиз заргарлик саноати учун миллий брендни халқаро бозорда тарғиб қилиш, замонавий технологиялар ва инновацион асбоб-ускуналар билан яқиндан танишиш, хорижий инвесторлар билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишда муҳим аҳамиятга эга.
Тадбиркорлар ҳамда аҳолини соҳага оид қонунчилик талаблари, берилаётган имтиёз ва имкониятлар билан таништириш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда қайси жиҳатларга эътибор бериш зарурлиги бўйича Республикамизнинг барча нуқталарида доимий равишда учрашувлар ва давра суҳбатлари ўтказиб келинмоқда.
Заргарлик саноатида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва давлат томонидан қўллаб-қувватлаш натижасида ишлаб чиқариш ҳажмлари ортмоқда, экспорт географияси кенгаймоқда, янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилмоқда ва минглаб янги иш ўринлари яратилмоқда. Ўзбекистон заргарлик саноати нафақат иқтисодий ўсиш драйвери, балки мамлакатнинг халқаро имижини мустаҳкамлаётган, миллий брендни шакллантираётган стратегик тармоқ сифатида намоён бўлмоқда.
Реклама ҳуқуқлари асосида.
Комментарии