Ушбу ташаббус «Справедливая Россия — За правду» фракцияси депутатлари, жумладан, Сергей Миронов раҳбарлигида ишлаб чиқилди. Ҳужжатда хорижий ишчиларнинг оила аъзоларини (эри, хотини, фарзандлари) мамлакатга кириши ва қолиши тақиқланиши таклиф этилган.
Бундан мустасно ҳол сифатида фақат Беларус фуқаролари ҳамда юқори малакали мутахассислар кўзда тутилган.
Депутатларнинг фикрича, меҳнат мигрантлари оила аъзоларининг Россияда бўлиши давлат бюджетига катта юк келтиради. Чунки улар кўпинча ишламай ижтимоий инфратузилмадан — мактаб, шифохона ва ижтимоий таъминот тизимидан фойдаланади. Мигрантлардан тушадиган патент тўловлари эса ушбу харажатларни қопламайди, бу эса миграция сиёсати моделини иқтисодий жиҳатдан самарасиз қилади, дейилади қонун лойиҳасига илова қилинган изоҳда.
Таъкидланишича, қонун қабул қилинса, мигрантлар оқими 15–20% га камайиши мумкин. Бу эса ижтимоий инфратузилмага бўлган босимни ва давлат бюджети харажатларини қисқартиришга хизмат қилади.
Комментарии