Аввалроқ, “Технопарк – Қипчоқ” йўналиши бўйлаб метрополитеннинг ер усти линияси вақтинча тўхтагани сабабли йўловчилар автобусларда тўпланиб қолгани ҳақида хабарлар тарқалди. Тошкент шаҳар транспорт бошқармаси ҳолатга изоҳ берди.
Қайд этилишича, мазкур йўналишда 32 та автобус (7 та King Long, 16 та Yutong электробуси, 6 та газда ҳаракатланувчи Yutong) ҳаракатланмоқда. Улар кун давомида 390 тадан ортиқ қатнов амалга оширмоқда, белгиланган оралиқ 3–5 дақиқа.
Асосий юклама “Технопарк” бекатида кузатилмоқда. Йўловчилар оқимини тўлиқ қамраб олиш ва автобуслар интервалини тартибга солиш мақсадида масъуллар томонидан назорат кучайтирилди.
Куннинг тиғиз пайтида қатнов оралиғининг 3–5 дақиқадан ошиши кузатилмоқда. Бу, аввало, йўл тирбандликлари билан боғлиқ. Шу муносабат билан Тошкент шаҳар ЙХҲББ ва шаҳар хизматлари жамоат транспорти ҳаракатини устувор таъминлашга жалб қилинди.
Йўналишда оператив гуруҳлар ҳар куни иш олиб бориб, вазиятдан келиб чиқиб қатнов жадвалларига ўзгартиш киритмоқда.
Вақтинчалик ноқулайликлар учун узр сўраймиз ва йўловчилардан тушунган ҳолда ёндашишларини сўраймиз. Таъкидлаймизки, юкламани камайтириш чоралари комплекс тарзда амалга оширилмоқда, ер усти метро ҳаракати тикланиши билан вазият барқарорлашади.
Комментарии