Бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги маълумотларига кўра, 2025 йил 1 июль ҳолатига кўра иш билан таъминланганлар сони 14,6 миллион киши, ишсизлар сони эса 800 минг кишини ташкил этган. Бу ҳақда МБ ҳисоботида айтиб ўтилган.
Меҳнат бозорига жалб этилмаган аҳоли сони (мактаб ўқувчилари, пенсионерлар ва бошқалар) 22,5 миллион кишини ташкил этди, бу эса умумий аҳолининг 59,4%ига тўғри келади. Улар орасида меҳнатга лаёқатли аҳоли 12 миллион кишини ташкил қилади. Яъни ҳисоб-китобларга кўра, мамлакат аҳолисининг қарийб 10 тадан 6 нафари меҳнат бозоридан ташқарида қолган.
Эслатиб ўтамиз, 1 июл ҳолатига кўра, Ўзбекистон аҳолиси сони 37 миллион 860 минг кишига етган.
Таъкидланишича, аҳоли сонининг ўсиши ва ёшлар улушининг ошиши келгусида меҳнат бозорига қўшимча босим юзага келтириши мумкин. Бу бир томондан иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватласа, иккинчи томондан янги иш ўринлари яратиш заруратини келтириб чиқаради.
«Ҳозирда меҳнатга лаёқатли аҳоли сони секин ўсмоқда, аммо ишчи кучига талаб кескин ортиб бормоқда. Бу эса бандлик, иш ҳақи миқдори ва иқтисодиётга умумий таъсир кўрсатмоқда», — дейилади ҳисоботда.
Шунингдек, сўнгги йилларда меҳнатга лаёқатли ёшдаги аҳоли (15–64 ёш) сони сезиларли даражада ўсмоқда. Масалан, 2022 йилда ўсиш суръати 0,8%ни ташкил этган бўлса, 2025 йилнинг I чорагида бу кўрсаткич 1,4%га етган.
Комментарии