ДХХ ходимлари Наманган вилоятида террорчилик ташкилотининг 21 нафар тарафдорини қўлга олди. Уларнинг етакчиси Поп туманида яшовчи ёш аёл эканлиги маълум бўлди. У ижтимоий тармоқларда саҳифалар очиб, "Ислом давлати" террорчилик ташкилоти ҳақида маълумотлар жойлаштирган.
Фуқаро Жанубий Кореяда ишлаётган ўзбекистонлик шахс билан танишиб, ота-онасининг розилигисиз шаръий никоҳдан ўтиб, у билан жанговар ҳаракатлар ҳудудига кетишни режалаштирган. Улар ўз ҳаракатларига узоқ қариндош ва қўшниларни ҳам жалб қилишган.
Ушбу фуқаролар ижтимоий тармоқларда яширин каналлар ташкил қилиб, унга ўзларининг яқин қариндошлари, қўшнилари ва экстремизмга моил бўлган шахсларни аъзо қилиб уларга террористик ташкилотларнинг амалга ошираётган қўпорувчилик ҳаракатлари, қатл саҳналари, қонли жанглар, амалдаги давлат тузумини куч билан ағдариб ташлашга қаратилган ғояларни сингдириб келишган.
Тезкор тадбирлар давомида гуруҳ аъзоларидан диний китоблар, ахборот ташувчи воситалар ва бошқа ашёвий далиллар олиниб, белгиланган тартибда расмийлаштирилган.
Тўрт нафар шахсга нисбатан ЖКнинг 244-1-моддаси (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) ва 244-2-моддаси (диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Улардан икки нафари қамоққа олинган.
Қолган 17 нафар гуруҳ аъзоларига нисбатан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Комментарии