2025 йил 30 июлдаги 477-сонли Вазирлар Маҳкамаси қарори билан жамоат тартибини сақлаш ва аҳоли гавжум жойларда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича ИИВ патрул-пост хизмати (ППХ) бўлинмалари томонидан шартнома-ҳуқуқий асосда хизматлар кўрсатишнинг Маъмурий регламенти тасдиқланди.
2025 йил 1 сентябрдан бошлаб юридик шахслар ППХ бўлинмаларига шартнома-ҳуқуқий асосда хизматлардан фойдаланиш учун ЯИДХП ва Давлат хизматлари марказлари орқали мурожаат қилишлари мумкин бўлади.
ППХ бўлинмалари ИИВнинг «Электрон патрул» тизими орқали жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш хизматларини кўрсатиши мумкин бўлади.
Маъмурий регламент қуйидагиларни тартибга солади:
— аҳоли гавжум жойларда жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш бўйича ички ишлар органлари патрул-пост хизмати бўлинмаларига юридик шахслар томонидан мурожаат қилиш тартиби;
— аризаларни кўриб чиқиш ва уларни рад этиш асослари;
— жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш ишларини ташкил этиш тартиби.
Маъмурий регламент оммавий тадбирларни, йиғилишлар, митинглар ва кўча намойишларини ташкил этиш ва ўтказишга тааллуқли эмас.
Белгиланган шаклдаги ариза ваколатли орган томонидан қабул қилинган кундан бошлаб 10 иш куни мобайнида кўриб чиқилади. Бу жараёнда ваколатли орган ходими ариза берувчи билан биргаликда фуқаролар тўпланадиган жойни кўздан кечиради.
Кўздан кечириш натижасида объект ҳудудининг чегаралари, керакли ходимлар сони, хизмат хоналари ва постлар жойлашуви, ҳаракат йўналишлари, жавобгарлик ҳудуди, иш режими ва ходимлар фаолияти тартиби кўрсатилган акт тузилади ҳамда шартнома лойиҳаси ишлаб чиқилади.
Аҳоли гавжум жойларда жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш бўйича ППХ бўлинмалари томонидан кўрсатиладиган хизматлар тарифлари Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишилган ҳолда белгиланган тартибда белгиланади.
Ҳужжат қонунчиликнинг миллий маълумотлар базасида давлат тилида эълон қилинди ва 2025 йил 31 июлда кучга кирди.
Комментарии