Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра, 1 октябрдан бошлаб тадбиркорлар ўзларига тегишли бинолар, иншоотлар ва ер участкаларига туташган давлат ерларини пуллик ижара асосида фойдаланишлари мумкин бўлади.
Овқатланиш, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларидаги мавсумий фаолиятни ташкил этиш мақсадида тадбиркорлар давлат ташкилотларининг доимий фойдаланишида бўлган ер участкаларини ижарага олишлари мумкин. Ижара шартномаси бир йил муддатга тузилади ва кейинчалик узайтирилиши мумкин.
Тадбиркорга тегишли объектга туташган ёки 5 метрдан ортиқ бўлмаган масофада жойлашган ерлар тўғридан-тўғри, яъни аукционсиз ижарага берилади.
Ижарага берилган ер учун ҳар бир квадрат метр ҳисобидан, шартнома муддатига қарамасдан, ер солиғининг уч баробаригача миқдорда ижара тўлови тўланади.
Ижарачи зиммасига қуйидаги мажбуриятлар юкланади:
- вақтинчалик иншоотларни белгиланган дизайн-код асосида ўрнатиш;
- ижарага олинган ерда капиталь бинолар ёки иншоотлар қурмаслик;
- муҳандислик-коммуникация тармоқларининг муҳофаза зоналари талабларига риоя қилиш ва уларга зиён етказмаслик;
- ердан асосий фойдаланишга тўсқинлик қилмаслик, тротуарларда пиёдалар ҳаракатига, махсус хизмат машиналарининг юришига халақит бермаслик.
Савдо объектларини қуйидаги ҳудудларда жойлаштириш тақиқланади:
- болалар боғчалари, мактаблар ва шифохоналар атрофи;
- маданий мерос объектлари ва муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудлар олдида;
- муҳандислик-коммуникация тармоқлари муҳофаза зоналарида;
- чоррахалардан 15 метр ичида;
- пиёдалар ўтиш жойлари ва велосипед йўлакларида;
- хавфли йўл бурилишларида;
- светофор ва йўл белгилари кўринишига халақит берувчи жойларда;
- "Тўхташ тақиқланган" белгиси ва шунга мос йўл чизиқлари мавжуд ҳудудларда.
Ижарага берилган ерни бошқа мақсадлар учун фойдаланиш зарурати туғилса, ижара берувчи шартномани бир томонлама бекор қилиш ҳуқуқига эга. Бунда ижарачи 15 кун ичида ер участкасини бўшатиши ва барча иншоотларни демонтаж қилиши шарт.
Шунингдек, ижара тўлови ўз вақтида тўланмаган ёки шартнома шартлари мунтазам равишда бузилган ҳолларда ҳам ижара шартномаси бекор қилиниши мумкин.
2026 йил 1 февралга қадар савдо объектларини кўча ва бинолар меъморий қиёфасига мос, аҳоли учун қулай ва хавфсиз тарзда лойиҳалашга оид ягона талаблар ва дизайн-код ишлаб чиқилади.
Бундан ташқари, 1 сентябрга қадар шаҳарларнинг марказий кўчаларида ноқонуний савдо фаолияти юритаётган тадбиркорлик субъектларини инвентаризация қилиш топширилган. 1 октябрдан эса уларни легаллаштириш ишлари бошланиши керак.
Шу билан бирга, тадбиркорларга мавжуд енгил конструкцияли объектларнинг фасадлари ва тузилиш элементларини ўзгартириш, қўшимча иншоотлар қуриш қатъиян ман этилади. Агар бундай ишлар амалга оширилса, объектлар бузилади ва янги ижара шартномаси тузилмайди.
Ask ChatGPT
Комментарии