Тошкент халқаро аэропорти олдидаги кўприкни реконструкция қилиш ва янгисини қуриш умумий ҳисобда 511 миллиард сўмга тушган. Бу ҳақда «Ўзбекистон бунёдкори» газетасига «Кўприкқурилиш» АЖ лойиҳа раҳбари Бобур Элмуродов маълум қилди.
Мазкур йўл ўтказгич илк бор 1967 йилда қурилган, 2008 йилда эса реконструкция қилинган. 2021 йил май ойида президентга кўприкни қайта таъмирлаш ва айланма ҳалқа қуриш лойиҳаси тақдим этилган, бироқ кейинроқ лойиҳа қайта кўриб чиқилган.
Янги лойиҳага кўра, ҳаракат қулайлигини ошириш мақсадида эски кўприк ёнида қўшимча эстакада барпо этилди. Янги кўприк йиғма-монолит технологияси асосида қурилган.
«Бу кўприк замонавий — йиғма-монолит усулида қурилди. Асосий қисми 42 метрлик нурлардан фойдаланган ҳолда барпо этилди. Бундан ташқари, 4 та чиқиш ва 2 та клевер шаклидаги айланма йўллар ҳам монолит технологиясида қилинган. Бундай муҳандислик ишлари Ўзбекистонда биринчи марта қўлланилмоқда. Кўприкда ўрнатилган тўсиқлар автоҳалокатлар вақтида зарарни камайтириш ва йўловчиларни жароҳатланишидан ҳимоя қилиш учун мўлжалланган. Бу янги технологиялар иншоотнинг 360 даражагача айланишини таъминлайди ва мамлакатимизда илк марта татбиқ қилинди», – деди Бобур Элмуродов.
Тўрт қаторли йўлга эга кўприкнинг умумий узунлиги 693,5 метр, кенглиги эса 62 метрни ташкил қилади. Лойиҳа доирасида пиёда ва велосипед йўлаклари ҳамда суғориш тизимлари қурилди. Пиёдалар йўлаги 15 метр, велосипед йўли эса 13 метр бўлиб, ҳаракат учун етарлича қулайлик яратади.
Маълумотга кўра, мазкур йўл ўтказгич соатига 5 мингтагача, кунига эса 132 мингтагача автомашинани ўтказиш имкониятига эга.
«Бу кўприк кўприксозлик соҳасида ўзига хос иншоот ҳисобланади. Жаҳон амалиётида бундай йирик иншоотларни қуриш ва фойдаланиш жуда мураккаб жараён ҳисобланади. Биз халқаро стандартлар асосида замонавий технологияларни татбиқ этдик, Россия илмий-тадқиқот институтлари билан ҳамкорлик қилдик. Иншоот йиғма-монолит технологиясида қурилган, юқори сифат ва мустаҳкамлик билан ажралиб туради, бу эса унинг узоқ муддат хизмат қилишини кафолатлайди», – деди лойиҳа бўйича маслаҳатчилар гуруҳи раҳбари Юрий Ипатов.
Қурилишда ахборот технологияларидан фойдаланилган: иншоотнинг техник ҳолатини назорат қилиш учун марказлаштирилган рақамли мониторинг тизими яратилган — узлуксиз кузатув ва техник таҳлил амалга ошириб борилади.
Комментарии