2024 йил 6 ноябрдан 7 ноябрга ўтар кечаси Чирчиқ дарёси муҳофаза ҳудудидан қум-шағал аралашмаси ортиб берилаётганлиги аниқланган эди.
Тошкент вилояти жиноят ишлари бўйича Оққўрғон туман судида қум-шағал аралашмасини ноқонуний қазиб олган “Г.С” МЧЖ раҳбари С.И. иши кўриб чиқилди. Бу ҳақда Экология вазирлиги Матбуот хизмати хабар қилди.
Ҳолатга аниқлик киритилганида қум-шағал аралашмаси “Г.С.” МЧЖ тегишли бўлган тош майдалаш цехига олиб бориб тўкилаётганлиги маълум бўлган. Ҳолат юзасидан давлат инспекторлари томонидан табиатга катта миқдорда зарар етказганлиги ҳисоб-китоб қилинган ва тўпланган ҳужжатлар ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилган эди.
Тошкент вилояти жиноят ишлари бўйича Оққўрғон туман суди томонидан “Г.С”МЧЖ раҳбари С.И. Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбдор деб топилиб, узил-кесил ўташ учун 6 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Жазони умумий тартибдаги колонияларда ўташ белгиланди. Шунингдек, ҳуқуқбузардан давлат фойдасига катта миқдорда зарар ва жарима ундирилиши белгиланди.
Комментарии