Жорий йил 17 июль куни Кобул шаҳрида Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон ташқи ишлар вазирларининг биринчи учрашуви доирасида Ҳукуматлараро ҳадли битим имзоланди.
"Термиз - Найбобод - Майданшаҳр - Логар - Харлачи" йўналиши бўйича техник-иқтисодий асосни ишлаб чиқиш бўйича уч томонлама Ҳукуматлараро ҳадли битим лойиҳаси ишлаб чиқилган эди. Бу ҳақда "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Қайд этилишича, ҳужжатнинг имзоланиши лойиҳани амалга оширишни жадаллаштириш ва Евроосиёнинг ягона транспорт хабини яратишга, шунингдек, мамлакатлар ўртасидаги муносабатларни кўп томонлама ривожлантиришни чуқурлаштиришга хизмат қилади.
Битим лойиҳаси Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон темир йўл экспертлари томонидан ишлаб чиқилган. Лойиҳанинг техник-иқтисодий асосланишини ишлаб чиқиш билан боғлиқ барча ишларнинг буюртмачиси 2023 йил май ойида ташкил этилган, Кобул ва Исломобод шаҳарларида филиаллари бўлган бош уч томонлама Лойиҳа офиси ("ЎТЙ" АЖнинг халқаро рақамли транспорт йўлакларини ривожлантириш стратегияси лойиҳа офиси) этиб белгиланди.
Таъкидланишича, 18 июль куни Исломободда уч давлат вакиллари "Ўзбекистон - Афғонистон - Покистон" темир йўл линиясининг "Термиз - Найбобод - Майданшаҳр - Логар - Харлачи" якуний йўналишини келишиб олган. Ўша йили "Боштранслойиҳа" АЖ ва "E&Y" (катта тўртликка кирувчи халқаро компания) компанияси билан ҳамкорликда дастлабки техник-иқтисодий асос ҳужжати ишлаб чиқилди.
Комментарии