2025 йил 19 июндан 3 июлгача “Юксалиш” ҳаракати томонидан аҳоли ўртасида “Ўзбекистонда тўйлар” мавзусида сўровнома ўтказилди.
Сўровнома мақсади — асосий тенденцияларни аниқлаш, юқори тўй харажатларига сабаб бўлаётган омилларни белгилаш, мавжуд анъаналарга бўлган жамоатчилик кайфиятини баҳолаш ҳамда амалий тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
Сўровномада жами 1247 киши иштирок этди.
Шундан:
• 18-30 ёш — 34,3%;
• 30-45 ёш — 35,5%;
• 50 ёшдан катта — 30,2%.
Оилавий ҳолати бўйича:
• Турмуш қурганлар — 71,13%;
• Турмуш қурмаганлар — 24,38%;
• Жавоб бермаганлар — 4,49%.
Сўровномада қатнашган респондентларнинг аксарияти турмуш қурган бўлиб, бу уларнинг тўй анъаналари ва харажатлари мавзусидан бевосита хабардор эканлигини кўрсатади.
Тадқиқот пойтахт, вилоят марказлари ва туманларни ўз ичига олган ҳолда мамлакатнинг турли ҳудудларидан бўлган респондентларни қамраб олган. Сўровномада мамлакатнинг барча ҳудудларидан фуқаролар иштирок этган.
Респондентларнинг оила бюджети бўйича ўртача ойлик даромад тақсимоти қуйидагича кўринишда:
Даромадлар: Респондентларнинг катта қисми — 81,24% (айниқса, вилоятларда яшовчилар) — ўз оиласининг ўртача ойлик даромадини 5 миллион сўмдан 12 миллион сўмгача деб кўрсатган.
“Тўйга тахминан қанча пул сарфлагансиз (ёки сарфлашни режалаштиряпсиз)?” деган саволга эса респондентлар қуйидаги жавобларни берган:
• 30 миллион сўмгача — 31,28%;
• 50 миллион сўмгача — 23,98%;
• 70 миллион сўмгача — 15,72%;
• 100 миллион сўмгача — 15,88%;
• 100 миллион сўмдан ортиқ — 9,62%.
Харажатлар: режалаштирилган ёки амалда сарфланган маблағлар кўпинча (умумий респондентларнинг 65,2%) 50 миллион сўмдан 100 миллион сўмгача ёки ундан ҳам кўпроқни ташкил қилади. Бу кўрсаткич кўплаб оилалар учун бир йиллик даромадга тенг ёки ундан ҳам юқори бўлиши мумкин.
Шунга мос равишда, аксарият респондентлар тўй харажатларини шахсий жамғармалари ҳисобидан эмас, бошқа манбалар орқали қоплаганликларини билдирган.
Сўровнома натижалари жамиятда ички қарама-қаршилик мавжудлигини очиб беради.
Идеал тўй формати: “Тўй қандай бўлиши керак?” деган саволга респондентларнинг аксарияти — 39,62% — "Камтарона" ёки "Ўртача, яқинлар даврасида" каби вариантларни танлаган. "Дабдабали, ҳашаматли" вариантини эса атиги 6,66% респондент афзал кўрган.
Комментарии