Ижтимоий тармоқларда бир нечта шахслар фуқаролардан интервью олиш баҳонасида суҳбатлашиб, улардан фирибгарлик йўли билан пул йиғаётгани акс этган видео тарқалиб турли муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ Матбуот хизмати маълумот берди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 5 июль куни Чилонзор туманидаги боғларнинг бирида, 2004 йилда туғилган Ш.С., 2001 йилда туғилган С.С. ва 2004 йилда туғилган Т.А.лар фуқаролар билан интервью олиш баҳонасида суҳбатлашиб, улардан фирибгарлик йўли билан масжид қурилиши, ногиронларга ёрдам каби баҳоналарни ишлатиб пул йиғаётганлари маълум бўлган. Кўрилган чора-тадбирлар натижасида ушбу фуқароларнинг шахси аниқланди ва улардан ашёвий далил сифатида пул маблағлари холислар иштирокида расмийлаштириб олинган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Чилонзор тумани ИИО ФМБ томонидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда. Текширув якуни бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади.
Комментарии