Бугун, 1 июль куни қадимий ва гўзал Хива шаҳрида Биринчи Ўзбекистон-Озарбайжон парламентлараро форуми ўз ишини бошлади.
“Янги имкониятлар сари: мулоқотдан ҳамкорликдаги ҳаракатларгача” мавзусини ўзида мужассам этган ушбу нуфузли анжуман икки мамлакат ўртасидаги стратегик ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, парламентлараро мулоқотни сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш мақсадини кўзлайди. Форум икки мамлакат ўртасидаги дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги арафасида ўтказилаётгани унинг аҳамиятини янада оширади.
Унда Ўзбекистон Олий Мажлиси ва Озарбайжон Миллий Межлиси аъзолари ҳамда икки мамлакатнинг ёшлар парламентлари вакиллари иштирок этмоқда.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон ва Озарбайжон муносабатлари ҳар доим умумий тарихий, маданий ва маънавий қадриятларга асосланган. Бу ришталар халқларимиз ўртасидаги дўстлик, ўзаро ҳурмат ва биродарлик туйғулари билан мустаҳкамланган. Бу йўналишда эса, икки давлат раҳбарларининг шахсий иштироки ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Анжуманни Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева очиб берди ва ўз нутқида таъкидлаганидек, "Биринчи Ўзбекистон-Озарбайжон парламентлараро форуми – бу нафақат тарихий воқелик, балки икки давлат парламентлараро ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиқувчи муҳим платформа ҳисобланади. Биз мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш ва Парламентлараро комиссия ташкил этиш орқали икки томонлама алоқаларни янги босқичга олиб чиқишимиз зарур. Ушбу форум Ўзбекистон ташқи сиёсатининг очиқлик, дўстлик ва барқарор тараққиётга йўналтирилганининг яна бир ёрқин далилидир”.
Ўз навбатида, Озарбайжон Миллий Межлиси Раиси Саҳиба Гафарова ўз нутқида “бугун давлатларимиз раҳбарларининг сиёсий иродасига асосланган, мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ва биродарликка таянган парламентлараро форматда ҳамкорликнинг янги саҳифаси очиляпти, деб таъкидлади.Ўйлайманки, парламентларимиз янги форматда давлатлараро муносабатларни чуқурлаштириш ва ҳар томонлама ривожлантиришга туртки беради”.
Шу билан бирга, у ўз нутқи қонунчилик, бизнес ва иқтисодиёт чорраҳасида турган мавзу – кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, мамлакатларимиздаги сармоявий муҳитни яхшилашга бағишланганини таъкидлади. Бу нафақат иқтисодий, балки ижтимоий барқарорликка ҳам бевосита дахлдор масалалардир. Бу масалаларни ҳал этиш эса парламентлар олдида турган энг муҳим вазифалардан биридир.
Форумда дўстлик гуруҳлари фаолиятини кенгайтириш, уларни парламентлараро комиссиялар даражасига олиб чиқиш, қўшма қонунчилик ташаббуслари ишлаб чиқиш, ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, иқтисодиёт, таълим, соғлиқни сақлаш, рақамли трансформация ва экология каби устувор йўналишларда ҳамкорликни ривожлантириш каби масалалар муҳокама қилинади.
Шунингдек, ҳудудий вакиллик органлари (Ўзбекистонда маҳаллий Кенгаш ва Озарбайжонда муниципалитет, озарбайжонча “беледие”) ўртасида тажриба алмашиш механизмини жорий этиш, парламентлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ижтимоий, иқтисодий ривожланишдаги турли ёндашувларнинг самарадорлигини ошириш учун муҳим қадам ҳисобланади. Бу ташаббус маҳаллий даражадаги қонунчилик органлари орасида билим ва тажриба алмашишга, муаммоларни ҳал қилишда янгича қарашлар ва ишлаш усулларини татбиқ этишга имкон беради, натижада ҳар бир ҳудудда ижобий ўзгаришлар яратиш учун қулай шарт-шароитлар яратилади.
Форум доирасида ўтказиладиган панель сессиялар ҳам шунга қаратилган. Улар орасида парламентлар роли, қонун ижросини назорат қилиш, бизнес ва инвестиция муҳитини яхшилаш, рақамли ислоҳотлар, маданият ва туризм соҳаларидаги алоқалар, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда аёллар ва ёшларнинг жамиятдаги ўрни каби мавзулар алоҳида аҳамият касб этади.
Бир сўз билан айтганда, мазкур форум нафақат парламентлараро мулоқот учун муҳим платформа, балки икки давлат ўртасидаги умумий тараққиёт истиқболларини белгилаб берувчи, яқин ҳамкорликни амалий мазмун билан бойитувчи муҳим воқелик сифатида тарихга киради.
Форум якунлари бўйича стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш, устувор соҳаларда икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, қўшма ташаббусларни самарали амалга ошириш бўйича ҳуқуқий асосларни такомиллаштиришга қаратилган Хива декларациясини қабул қилиш назарда тутилмоқда.
Комментарии