Ғиждувон тумани марказидан 180 километр олисда жойлашган “Оёқоғитма” чўл массивидаги аҳоли пунктига яқин ҳудудда “Acwa Rower Bash Wind” компанияси ҳомийлигида барпо қилинган шамол электр станцияси ишга туширилди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар қилмоқда.
Умумий қиймати 650 миллион АҚШ долларига тенг бўлган бу лойиҳанинг амалга оширилиши туман аҳоли истеъмолчиларига йилига 1 миллиард 800 миллион киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқариш имконини беради.
Бу ҳудуд аҳоли истеъмолчиларининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини қондирибгина қолмай, экологик барқарорликни таъминлаш ва табиий газ сарф-харажатини камайтиришга хизмат қилади. Жумладан, йилига 500 миллион куб метр табиий газни тежаш имконияти вужудга келади.
Тадбиркор тижоратчилар тумани бўлган Ғиждувонда кейинги йилларда саноат корхоналари сони ошиб бормоқда. Улар ҳамда турли ижтимоий соҳа иншоотлари, аҳоли абонентларининг электр энергиясига бўлган талаби 300 меговаттни ташкил этаётган бўлиб, бу эҳтиёжни қондиришда муқобил энергия манбаи муҳим ўрин тутади, албатта. Ваҳоланки, янги шамол электр станциясининг қуввати 500 меговатга етказилиши ҳисоб-китоб қилинган.
—Биздаги маълумотларга қараганда, бу йирик лойиҳани амалга ошириш осон кечгани йўқ, — дейди меҳнат фахрийси Р. Авезов. —Ўтган ойлар мобайнида чўл массивидаги 280 гектардан ошиқ майдонда қурилиш-жиҳозлаш, шамол генераторларини ўрнатиш ишлари олиб борилди. Бетон ишлаб чиқарувчи иккита линия барпо қилингани, ҳуджудда 79 та замонавий шамол генератори жойлаштирилгани, бунинг учун 600 нафардан зиёд мутахассис мураккаб чўл шароитида меҳнат қилгани юқоридаги фикримиз далили.
Комментарии