Қайд этилишича, бу йил 10 мингдан зиёд мактабда "сўнгги қўнғироқ"лар жаранглаб, 450 минг нафардан ортиқ ўқувчилар битиради.
Таъкидланишича, мактабни 11 минг 500 нафардан зиёд ўқувчилар олтин медаль билан, 2 мингдан ортиқ кумуш медаль билан битирмоқда.
"Келажагимиз эгалари бўлган навқирон авлодимиз Янги Ўзбекистонни барпо этишда катта бунёдкор куч сифатида иштирок этиши учун зарур шароитларни яратиб бермоқдамиз. Жумладан, сизларнинг замонавий илм ва касб-ҳунарлар, она тили билан бирга хорижий тиллар, ИТ ва инновацион технологияларни, ижод ва тадбиркорлик соҳаларини пухта эгаллашингиз учун ҳозирги кунда 201 та олий ўқув юрти, 598 та техникум, кўплаб мономарказ ва технопарклар, кутубхоналар, маданият, санъат ва спорт муассасалари самарали фаолият кўрсатмоқда.
Сизлар ана шундай беқиёс имкониятлардан оқилона фойдаланиб, ёшлик фаслининг олтинга тенг ҳар бир дақиқасини қадрлаб, келгусида Ватанимиз мустақиллигини, эл-юртимиз манфаатларини барча соҳаларда дадил ҳимоя қиладиган етук кадрлар, онгли ва олижаноб инсонлар бўлиб, халқимизга сидқидилдан хизмат қиласиз, деб ишонаман.
Аминман, сизларнинг янги ғоя ва ташаббусларингиз, турли соҳалардаги ютуқларингиз Янги Ўзбекистонни янада қудратли этадиган моддий ва маънавий асосларни барпо этишга беқиёс ҳисса бўлиб қўшилади.
Сизлардек ўз кучига ишонган, қатъиятли ёшлардан қадрдон мактабингиз, азиз устозларингиз ва ота-оналарингиз, бутун халқимиз фақат эзгу ишлар ва ёрқин натижалар кутади",- дейди давлат раҳбари.
Комментарии