Тошкент вилояти ИИББ Киберхавфсизлик бўлими ва Оҳангарон шаҳар ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тадбир давомида Telegram’да PUBG ўйини учун аккаунтлар сотилишини реклама қилиб, фуқароларнинг пулларини фирибгарлик йўли билан ўзлаштириб келган шахс аниқланиб, ушланди. Бу ҳақда вилоят ИИБ Матбуот хизмати хабар қилди.
Аниқланишича, оҳангаронлик 20 ёшли йигит ҳудудий ички ишлар бўлимига мурожаат қилиб, Telegram орқали PUBG аккаунт сотиб олиш мақсадида номаълум шахснинг банк картасига 9 млн сўм пул ўтказганини, аммо ваъда қилинган аккаунт берилгач, бир кундан кейин қайта олинганини маълум қилиб, қонуний чора кўришни сўраган.
Олиб борилган суриштирув ишлари натижасида ушбу қилмишни Навоий вилоятида яшовчи 20 ёшли йигит содир этгани аниқланган ва у процессуал тартибда ушланган. У Telegram’даги турли каналларда эълон жойлаштириб, аккаунтларни сотиш баҳонасида фуқароларни чув тушириб, уларни бир кунга синов тариқасида фойдалантиради, кейин эса аккаунт паролларини ўзгартириб, пулларни ўзлаштириб келган.
Мазкур ҳолат юзасидан 2005 йилда туғилган Д.Ф.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “г” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мазкур моддада БҲМининг 300 бараваридан 400 бараваригача миқдорда жарима ёки 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд муайян ҳуқуқдан маҳрум этилган ҳолда 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиш белгилаб қўйилган.
Комментарии