Поиск
RUUZ

Экономика

Ўзбекистонда гулчиликни ривожлантиришга 20 млрд сўм ажратилади

Гулчилар учун алоҳида уюшма, учта вилоятда ихтисослашган туманлар ташкил этилди. ОТМларда соҳа магистрлари ҳам етиштирилади.

609views0replies
0

Наманган вилояти ҳокимлиги / Иллюстрация

Президент “Республика ҳудудларида гулчилик ва кўчатчилик соҳаларини янада ривожлантириш тўғрисида”ги қарорни имзолади.  
Унга кўра, республика ҳудудларида гулчилик ва кўчатчиликни ривожлантириш, маҳаллий ва хорижий гул навларини парваришлаш, аҳоли ўртасида гулчилик санъати сир-асрорларини оммалаштириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт салоҳиятини янада мустаҳкамлаш белгиланган.
Шу мақсадда гул етиштиришда аҳоли билан кооперация муносабатларини йўлга қўйиш, соҳа мутахассислари малакасини ошириш, ишлаб чиқариш жараёнларига илмий ишланмаларни жорий этишда тадбиркорларга ҳар томонлама кўмаклашиш мақсадида Гул етиштирувчилар уюшмаси ташкил этилди.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига қуйидаги вазифалар юклатилди:
—  тадбиркорлик субъектларини гулчилик ва кўчатчилик билан шуғулланишга қизиқтириш, уларни билим ва кўникмаларга эга бўлиши учун ўқитиш, шу жумладан, хорижий давлатларда ўқитиш, шунингдек, бу жараёнга хорижий мамлакатлардан малакали мутахассисларни жалб қилиш;
—  гулчилик соҳасига оид семинар, анжуман, ярмарка ва кўргазмалар ташкил қилиш, шунингдек, хорижий мамлакатларда ўтказиладиган ярмарка ва кўргазмаларда иштирокини таъминлаш;
—  хорижий давлатлардан экспортбоп гул навларини парваришлаш учун олиб келиш ва уларни маҳаллийлаштириш, шунингдек, парваришланган гулларни экспорт қилиш ишларини ташкил этиш бўйича яқиндан амалий ёрдам кўрсатади.
Андижон вилоятининг Андижон, Избоскан ва Олтинкўл туманлари, Наманган вилоятининг Наманган ва Давлатобод туманлари ҳамда Жиззах вилоятининг Зомин ва Ғаллаорол туманлари гулчиликка ихтисослаштирилади.
Гулчиликка ихтисослашган ушбу туманларда тажриба тариқасида гулчилик соҳасида тажрибага эга бўлган тадбиркорлар томонидан гулчилик кластерлари ташкил қилинади.
Бундан ташқари, “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида ажратилган маблағларнинг камида 10 фоизи гулчилик лойиҳаларини ташкил қилиш учун ажратилади.
2023 йил 1 январгача туганаклар, пиёзбошлар, туганаксимон илдизлар, туганак пиёзлар, илдизпоя, жумладан, вегетатив тиним ҳолатидаги, вегетация ёки гуллаш давридаги сертармоқлари, бошқа тирик ўсимликлар (жумладан, илдизлари), қаламчалар ва пархиши (ТИФ ТН коди 0601 ва 0602) импортида божхона божининг ноль ставкаси қўлланилади.
2022/2023 ўқув йилидан қишлоқ хўжалиги йўналишидаги ОТМларда Гулчилик магистратура мутахассислиги бўйича кадрлар тайёрлаш ҳам йўлга қўйилади.
Наманган, Самарқанд вилоятлари ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига гул ҳамда кўчатларнинг йирик улгуржи бозорини ташкил этиш юклатилди.
Шунингдек, Гул етиштирувчилар уюшмаси фаолиятини ташкил этиш учун Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан 20 млрд сўм миқдорида маблағ ажратилади.
609views0replies
0

Комментарии