Ўзбекистон “Газпром” газини харидорига айланиб қолди. Бу ҳақда “Интерфакс” хабар берди.
Ўзбекистон 2018 йилда “Газпром”га 3,8 млрд куб метр газ етказиб берган. 2019 йилда етказиб бериш ҳажмини 4,9 млрд куб метргача оширган ва 2020 йилда уни тўхтатганди. 2021 йилнинг биринчи чорагида ҳам ўзбек гази Россия концернига етказиб берилмаган.
2020 йилда “Газпром” Туркманистон газини Ўзбекистонга етказиб беришни бошлади. Ўтган йилда 0,9 млрд куб метр газ етказиб берилган. Жорий йилнинг биринчи чорагида кўрсаткич 1,5 млрд куб метрга етган.
Эътиборли жиҳати, 2021 йилнинг илк чорагида Ўзбекистон “Газпром” ва Туркманистондан Хитойга (0,54 млрд куб метр) экспорт қилганидан ҳам кўпроқ газ сотиб олган.