Қарши шаҳрида яшовчи 1977 йилда туғилган шахс юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали маҳаллий фуқарони “Қарши иккиламчи қора металл” МЧЖга тарозибонлик лавозимига ишга жойлаштириш учун $80 минг доллари талаб қилгани ҳақида хабар бергандик.
Унда ДХХ ва департаментнинг вилоят бошқармалари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда мазкур фирибгар сўралган $80 минг долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олингани айтилганди.
“Оила даврасида” газетасининг 29 октябрь кунги 44-сонида мустақил журналист Бахтиёр Олломуроднинг “Одам қамаш ўйини” сарлавҳали мақоласи чоп этилди. Унда маълум қилинишича, $80 минг доллари талаб қилган шахсга банк ходимлари кредит қарзи катта бўлган иншоотни алдаб топширишган. “Жабрдийда” ролини ўйнаган фуқаро эса мунтазам судланганлиги, вояга етмаганлар билан жинсий алоқа қилиш, фоҳишахона сақлаш каби жиноятларни содир қилгани, қолаверса ҳуқуқ-тартибот органларига доимий равишда “ўлжа” топиб бергани фактлари маълум қилинган.
Маълум қилинишича, “пора олишу фирибгарлик жиноятлари билан айбланаётган асли Чироқчининг Лангар қишлоғидан Отабек Собиров (суд жараёнлари кетаётганлиги боис исмлар ўзгартирилган) исмли тадбиркор зиёли ва илм аҳлидан. Айни пайтда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланади.
Савол туғилади: ҳар томонлама ҳавас қилса арзигулик инсон қандай қилиб чиркин нафс ўйинларига аралашиб, тузоққа тушиб қолди? Аввало, ҳар бир инсон ҳам адашгувчи банда. Ҳаммада ҳам нафс бор. Шубҳасиз, порахўрлик жиноятлар ичида энг оғирларидан бири ҳисобланади. Демак, шундай оғир жиноятни фош қилишда ҳуқуқ-тартибот идораларига ёрдам бермоққа бел боғлаган инсон софдил ва беғараз, чин маънода жабрдийда ҳам бўлмоғи лозим эмасми?
Келинг, энди Отабек Собировни “ушлаб бериш операцияси”да “жабрдийда” бўлган Даврон Маҳкамов (исм-шариф ўзгартирилган) шахсига бир назар ташлаб кўрайлик. Хўш, жабрдийда қиёфасига кириб олган бу кимсанинг ўзи ким, аслида?
Унга нисбатан 2004 йилда Ўзбекистон Жиноят кодекси 105-моддасининг 1-қисмида кўрсатилган, яъни қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш жиноятини содир қилганлик айби билан иш очилган, аммо жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судининг 2004 йил 13 октябрдаги ажримига кўра жиноят иши Жиноят кодексининг 66-1-моддасига асосан, яъни ярашилганлиги муносабати билан иш юритиш тугатилган. Чирчиқ ҳарбий судининг 2007 йил 20 сентябрдаги ҳукмига кўра, Жиноят кодекси 285-моддасининг 1-қисми билан айбли топилган ва бир йил синов муддати белгиланиб, шартли ҳукм қилинган.
2012 йилда Даврон Маҳкамов яна бир қанча иснодли жиноятлар содир этган. Яъни, ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш, фоҳишахона сақлаш ёки қўшмачилик қилиш, шунингдек, 277-модданинг 1-қисмида кўзда тутилган, яъни безорилик жиноятларини содир қилганликда айбланган.
Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судининг 2012 йил 20 сентябрдаги ажримига кўра, мазкур жиноят иши амнистия туфайли тугатилган.
Шунча жиноятларни содир қилган кимсанинг шахсига тергов органи ҳам, суд ҳам эътибор бермаганлиги кишини ажаблантиради. Ахир у қонунларимизга зид равишда иш бўйича жабрдийда деб кўрсатилган. Чунки, у судланувчилардан на маънавий, на жисмоний жабр кўрган” деб ёзади журналист.
Таъкидланишича, Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судининг 2012 йил 1 ноябрдаги ҳукми билан икки нафар ички ишлар ходими – Суюнов Камол ва Рўзиев Лазиз судланади. Қизиқ томони, бу ишда ҳам Даврон Маҳкамов “жабрланувчи” ролини ўйнаб берган.
Яна бир мисол. Жабрланувчи ролини ўйнаб, архитекторларни тегишли идоралар қармоғига илинтириб берган Даврон Маҳкамов аслида ер олиш ҳақида ҳеч қандай ариза ёзмаган. Унинг мақсади уй қуриш эмас, тинчгина ўз иши билан шуғулланиб келаётган туман архитекторини қаматиш бўлган.
Буни қарангки, сохта жабрланувчи Даврон Маҳкамов қўйган тузоққа тушиб қамалган архитекторга ҳукм ўқилганидан ҳеч қанча вақт ўтмай (2014 йил 13 апрелда), ўзи товламачилик жиноятини содир этиб, Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судининг 2014 йил 20 июндаги ҳукмига кўра, ЖКнинг 165-моддаси 2-қисми “в” банди билан айбли топилди ва саккиз йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.
Ўша кўрилган ишда Даврон Маҳкамов маслаҳати билан жиноят йўлига кирган унинг жиноий шериги вилоят хўжалик ҳисобидаги ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси бошлиғига “Аввалги архитектор менинг айтганларимни қилмаганлиги учун қамалди” дея қўрқитиб, ундан товламачилик йўли билан 2000 АҚШ долларини ундирмоқчи бўлаётганида ушланиб, қамоққа олинганлиги баён этилган.
Яққол кўриниб турибдики, бу кимса илгарилари ҳам ҳуқуқ-тартибот органларининг қўлларидан “суяк олиб”, бу ишни мунтазам касбга айлантириб олган экан. Отабек Собировга қадар ҳам жуда кўп кишиларни алдаб тузоққа туширган, қўшимча қилади Бахтиёр Олломурод.
Отабек Собиров Жиноят кодекси 168-моддаси 4-қисмининг “а” ҳамда 211-моддаси 3-қисмининг “а” бандлари билан айбланиши нечоғли адолатли? Ахир у бирор-бир давлат идорасида муайян лавозимда ишламайди. Шундай экан, мансаб ваколатини суиистеъмол қилган ҳолда пора олди-бердиси билан шуғулланган мансабдор шахсларга қўйиладиган ЖК 211-моддасининг унга қўлланилиши адолатдан бўладими?
Бу ерда мақсадни ҳам албатта эътиборга олиш керак, бизнингча. “Жабрдийда”нинг мақсади нима эди ўзи? Металлолом базасига тарозибон бўлиб ишга киришми ёки “кўзланган” бир одамни ҳуқуқ-тартибот органларига ўлжа қилиб овлаб беришми?
Айбланувчи Отабек Собиров ўз бошига тушган кўргулик ҳақида бундай дейди: “Менинг қон билан кирган асосий айбим, одамларга тез ишонаман. Ўзим қабул қилаётган бир қурилиш иншоотини “Эшон бобо, сиз хўп деяверинг, кейин ўрнини ўзимиз қоплаб берамиз...” деб жуда катта кредит қарзи билан менга ўтказиб юборишди. Аммо, банк мутасаддилари лафзларида турмади. Катта миқдордаги қарздорлик менинг бўйнимда қолиб кетмасин деб, уларнинг устидан Бош прокуратура, Виртуал қабулхона ва бошқа идораларга ариза ёзавердим. Банк мутасаддилари қарзларни асосий айбдордан ундириш ўрнига менинг бўйнимда қолдириш пайида эдилар шекилли, “Индамай юрсангиз кам фоизли кредит берамиз” деб ҳам анча муддат алдаб юришди... Билмадим, бошимга тушган ҳозирги шўришим ҳам бежиз эмасга ўхшайди...”
Терговни олиб бораётганлар нима учун айблов хулосасига ўзи ёллаган, муқаддам бир талай жирканч жиноятлар содир этган пасткаш одамга бир неча ўнлаб марта “жабрдийда” ролини ўйнатиб, ҳеч қандай мансаби йўқ инсонни “ундан саксон минг АҚШ доллари талаб қилди”, деган тутуриқсиз жумлаларни киритмоқда? Бу жирканчу сохта жабрдийданинг мақсади нима бўлган ўзи? Хуллас, буларнинг бари бир одамни узоқ муддатга қамаш учун қасддан уюштирилган саҳна ўйини эмасмикан, деган шубҳага бориб қоласан, киши, дея якунлаган Бахтиёр Олломурод ўз мақоласини.