Ўзбекистонда илк экспорт ҳалқаси тузилди. Ҳалқа Ўзбекистон экспортчилари уюшмаси, Жаҳон савдо ташкилоти, Alibaba компанияси ҳамда Фарғона шаҳрида очилган янги Бизнес академиясидан иборат, дея хабар бермоқда Халқ сўзи Online.
Қайд этилишича, Жаҳон савдо ташкилоти академия ўқитувчиларини халқаро стандартлар асосида тайёрлайди, Бизнес академияси ҳалқа иштирокчиларини ўқитади, Alibaba компанияси тингловчиларга тажриба учун ўз платформасини очиб беради.
Ўзбекистон экспортчилари уюшмаси эса академия талабаларини иш билан таъминлаб, бутун экспорт ҳалқаси ишлашини назорат қилади.
Шу мақсадда Фарғона шаҳрида илк тадбиркорлик ва бизнес Академияси ташкил этилди.
Унда ўқувчилар халқаро савдо ҳуқуқи, логистика, маркетинг, рақамли тижорат йўналишлари бўйича ўқитилади.
Ҳозирча у ерда 40 нафар талаба ўқиши мумкин. Талабгорлар ёш, бизнес муҳитидан хабардор ва чет тилларини билиши тавсия этилади. Улар илк кунданоқ Хитойнинг гигант компанияси Alibaba’да иш бошлайди.
Ўзбекистон экспортчилари уюшмасининг мазкур онлайн тижорат компанияси билан келишувига асосан Alibaba бизнес академия ўқувчиларига ўз платформасини очиб беради.
Талабалар ҳар бир амалга оширган электрон тижорий иши учун 1 фоиздан 5 фоизгача ҳақ ҳам олади.
Дарслар ҳафтада 6 кун икки сменада 4 соатдан давом этади. Академияда Жаҳон савдо ташкилотининг махсус курсларида тайёрланиб, сертификатларга эга бўлган ўқитувчилар дарс беришади. Ўқиш давомийлиги уч ой.