Вазирлар Маҳкамасининг 701-сон қарори билан 2021/2022 ўқув йилидан Тошкент тумани ўрмон хўжалиги коллежи негизида Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси тизимидаги Ўрмон хўжалиги техникуми ташкил этилади.
Техникум республикадаги ўрмончилик соҳасидаги таълим йўналиши бўйича таянч ўрта махсус профессионал таълим муассасаси ҳисобланади.
Ўрмон хўжалиги ва унинг тармоқлари учун кадрлар тайёрлашнинг узлуксизлиги ва узвийлиги асосида кундузги, кечки ва сиртқи таълим босқичларида олий таълимнинг бакалавриат таълим йўналишлари билан интеграциялашган дастурлар асосида кадрлар тайёрлаш техникумнинг асосий вазифаларидан биридир.
Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ҳар йили 15 январга қадар ўрмон хўжалиги соҳасидаги касблар ва мутахассисликлар бўйича қабул параметрларига таклифларни касблар ва мутахассисликлар ҳамда ҳудудлар бўйича Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига тақдим этиб боради.