Энг нуфузли киномукофоти ҳисобланган 93-Оскар тақдирлаш маросимининг “Энг яхши халқаро бадиий фильм” номинациясига Ўзбекистон номидан Жаҳонгир Қосимовнинг “Ибрат”, Аюб Шаҳобиддиновнинг “Рангсиз тушлар” ва Ёлқин Тўйчиевнинг “Фариданинг икки минг қўшиғи” фильмларидан бири илгари сурилиши кутилмоқда. Бу ҳақда “Ўзбеккино” МА Ахборот хизмати хабар берди.
Ўзбекистон Оскар қўмитаси 2021 йилнинг 25 апрель куни Лос Анжелес шаҳрининг машҳур “Dolby” театрида бўлиб ўтадиган маросимида иштирок этиши учун муносиб номзод бўйича сўнгги қарорини шу йилнинг 20 ноябрь куни эълон қилади. Ўзбекистон Оскар қўмитаси янги таркибдаги аъзоларини тасдиқлади. Қўмита раиси этиб “Ўзбеккино” Миллий агентлиги бош директори Фирдавс Абдуҳолиқов тайинланди.
Оскар регламентига мувофиқ мукофотга номзод фильмларга тақдимот бўлгунга қадар телевидение ва интернет тармоғида намойиш этилмаган бўлиши талаб қилинади.
Эслатиб ўтамиз, 2019 йил баҳорида "Ўзбеккино" МА, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва Ўзбекистон миллий кинокомиссияси ташаббуси билан Ўзбекистон Оскар қўмитаси ташкил қилиниб, АҚШ киноакадемияси томонидан рўйхатдан ўтказилган. Илк бор Умид Хамдамовнинг “Иссиқ нон” фильми Ўзбекистон номидан нуфузли мукофотга илгари сурилган эди.