Молия вазирлиги Ахборот хизматининг маълум қилишича, Ўзбекистон Молия вазирлиги томонидан 750 млн АҚШ доллари миқдоридаги суверен халқаро облигациялар икки траншда – 10 йиллик муддат билан АҚШ долларида ва 3 йиллик муддат билан илк маротаба ўзбек сўмида чиқарилди ва Лондон фонд биржасига жойлаштирилди.
Кеча, 19 ноябрь куни молиявий консультантларнинг, инвесторларнинг таклифларига асосланган тавсиясига кўра, халқаро облигацияларнинг бошланғич фоиз ставкалари мос равишда, долларда 4,25% атрофида ва сўмда 15,25% атрофида белгиланиб, Лондон вақти билан соат 09:00 да буюртмалар китоби очиқ деб эълон қилинган эди.
Қайд этилишича, буюртмалар ҳажми икки соат ичида доллар ва сўмдаги облигациялар учун мос равишда, 1,6 млрд доллар ва 1,9 трлн сўмни ташкил этди.
Шаклланган буюртмалар ҳажми ва молиявий консультант-андеррайтерларнинг таҳлилларидан келиб чиқиб, Лондон вақти билан соат 13:00 да доллар ва сўмдаги облигациялар учун фоиз ставкалари, мос равишда, 3,875% ва 14,75% га туширилди.
АҚШ бозорлари очилгач, буюртмалар ҳажми ошишда давом этиб, мос равишда, 3,8 млрд доллар ва 5 трлн сўм максимал қийматга етиб борди ҳамда фоиз ставкаларини яна тушириш учун имконият яратди.
Савдо якунлари бўйича, халқаро облигацияларнинг ҳажми ва фоиз ставкалари қуйидагича белгиланди:
- 10 йиллик АҚШ доллари транши: 555 млн доллар 3,70% купон билан (дастлабки фоиз ставкадан 0,55% паст);
- 3 йиллик ўзбек сўми транши: 2 трлн сўм 14,50% купон билан (дастлабки фоиз ставкадан 0,75% паст).
Мазкур халқаро облигацияларнинг жойлаштирилишидан келиб тушадиган маблағлар бюджет дефицитини қоплаш ҳамда Ўзбекистоннинг барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича 2021 йилда амалга ошириладиган айрим лойиҳаларни молиялаштиришга йўналтирилиши режалаштирилмоқда.