Ўзбекистоннинг Сеулдаги элчихонаси Ульсан шаҳрида меҳнат қилаётган ўзбекистонликлар билан учрашди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Ушбу шаҳарда мингдан ортиқ ўзбекистонлик фуқаро яшайди. Улар, асосан, Hyundai компаниясининг кемасозлик заводида ишлашади. Шунингдек, Ульсан университетида 400 дан ортиқ ўзбекистонлик талаба таҳсил олади.
Мулоқотлар доирасида Ўзбекистонда бизнес лойиҳаларни амалга ошириш, янги иш ўринлари яратишга кўмаклашиш ниятида бўлган бир гуруҳ ватандошлар билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда 10 нафар Ўзбекистон фуқаролари ўз лойиҳаларини амалга ошириш учун 1 миллион 570 минг доллар миқдорда сармоя киритиш бўйича таклиф билдирди.
Шу тариқа, Ўзбекистоннинг Сеулдаги элчихонаси “Олтин дафтари”га киритилган ватандошлар сафи 110 кишидан ошди. Улар томонидан жалб қилинадиган инвестицияларнинг умумий ҳажми қарийб 15,5 миллион долларни ташкил этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Президент томонидан 17 август куни ўтказилган йиғилишда чет элда ишлаётган юртдошлар орасида “Олтин дафтар” шакллантирилиши, унга ўзбекистонлик салоҳиятли сармоядорлар ва нуфузли университетларнинг профессор-ўқитувчилари киритилиши айтилганди.