Қибрайдаги газ портлаши ва натижада икки киши ҳалок бўлгани юзасидан Тошкент вилояти прокуратураси жиноят иши қўзғатди.
Маълум қилинишича, мазкур ҳолат юзасидан Тошкент вилояти прокуратураси ўтказган терговга қадар текширишда газ чақнаши юз берган уй ёнида ўрнатилган юқори босимли газ тақсимлаш мосламаси (ГТМ)га уланган ва еростидан ўтказилган полиэтилен газ қувурининг монтаж ишлари ўта сифатсиз амалга оширилганлиги аниқланган.
Бунинг оқибатида уйга яқин оралиқдаги еростидаги полиэтилен газ қувурининг уланиш қисмида ёриқ юзага келиб, ундан табиий газ сизиб чиқиб, хонадон ертўласида тўплангани ва ўз навбатида газ чақнаши содир бўлган.
Мазкур ҳолат юзасидан 2020 йил 23 ноябрь куни Тошкент вилояти прокуратураси томонидан ЖКнинг 258-моддаси (Тоғ-кон, қурилиш ёки портлатиш ишлари хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилди.
Ҳозирда Тошкент вилояти ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 21 ноябрь соат 19:16 ларда Қибрай туманида газ-ҳаво аралашмасининг чақнаши содир бўлган ва чақнаш оқибатида уйнинг бир қисми қулаб тушганди.
ФВВ томонидан олиб борилган қидирув-қутқарув ишлари вақтида уй вайроналари остидан соат 19:45да уй эгаси Х.Н оғир аҳволда олиб чиқилиб, Тошкент шаҳар 7-сонли клиник касалхонасига ётқазилди, олиб борилган реанимацион муолажаларга қарамасдан, бемор соат 20:45 да вафот этган.
Шунингдек, олиб борилган қидирув-қутқарув ишлари давомида соат 23:06да уй эгасининг ўғли А.А.нинг жасади топилди.
ФВВ газ-ҳаво аралашмасининг чақнаши хонадон ёнидан ўтган ерости газ қувуридан табиий газ сизиб чиқиб, хонадоннинг ертўла қисмига тўпланганини тахмин қилганди.