2021 йилнинг 17 январь куни Халқ таълими вазирлиги АҚШдан 6 нафар халқаро профессорни қабул қилади. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, Улар томонидан English Speaking Nation лойиҳаси доирасида умумтаълим мактаб ўқитувчилари учун инглиз тили дарслари ва малака ошириш семинарлари ўтказилади.
6 нафар профессор 10 ой давомида Наманган, Андижон, Самарқанд, Бухоро, Қашқадарё ва Хоразм вилоятларидаги халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш минтақавий марказларида фаолият олиб боради.
Профессорлар сертификатланган мутахассислар бўлиб, магистр ва докторлик даражалари ҳамда АҚШ, Европа ва Осиёда кўп йиллик ўқитиш тажрибасига эга. Улар TESOL ҳамда TOEFL ўқитиш ҳамда мактаб таълими соҳасида халқаро миқёсда тан олинган сертификат соҳибларидар.
Ҳар йили тахминан 350-700 нафар халқ таълими тизимининг инглиз тили ўқитувчилари Минтақавий марказларда қайта тайёрлашдан ўтишларини инобатга олсак, профессорлар ёрдамида Наманган, Андижон, Самарқанд, Бухоро, Қашқадарё ва Хоразм вилоятларидаги 4000 нафар инглиз тили ўқитувчиси ўз малакаларини ошириш имконига эга бўлади.
Аввалроқ, вазир Шерзод Шерматов ўқувчилар билан мулоқот пайтида нафақат инглиз тилида сўзлашишга қийналишаётгани, балки маҳаллий акценти ҳам қаттиқ сезилаётганини айтганди.