Мактабгача таълим вазирлиги сўнгги пайтларда болаларни давлат боғчаларига жойлаштириш, навбатлар юзасидан кўплаб мурожаатлар келаётганини маълум қилди.
Вазирлик Давлат хизматлари агентлиги мутахассислари билан ҳамкорликда ушбу камчиликларни тўлиқ таҳлил қилиб чиққанини таъкидлади.
Мактабгача таълим вазирлиги тизимдаги мавжуд муаммоларни санаб ўтди.
Бино ва ўринлар камлиги натижасида ҳар йили 1,2 млн нафар бола давлат боғчаларига бориш имконига эга эмас. Ҳар йили ўртача 700 минг нафар боладан 500 мингига боғчага йўлланма берилади.
Вазирлик бунинг ечими сифатида қуйидагиларни амалга оширмоқда:
- Янги боғчалар қурилмоқда;
- Нодавлат боғчаларини қуриш рағбатлантирилмоқда;
- Оилавий (уй) боғчалари очилмоқда;
- Узоқ вақт давомида фаолият юритмаган боғчалар қайта йўлга қўйилмоқда;
- Болалар боғчаларининг муқобил шакллари жорий этилмоқда.
Мактабгача таълим вазирлиги ўрнатилаётган янги тартиб эскисидан қабул қилиш тизими шаффоф ва коррупциядан ҳоли эканлиги билан ажралишини билдирди.
Аввалроқ, Ўзбекистонда илк бор антикоррупция лабораторияларини ташкил этиш бўйича лойиҳа ишга туширилиши, бунда мактабгача таълимдан олий таълим тизимигача бўлган коррупция ҳолатлари таҳлил қилиниши хабар қилинганди.