Давлат молиявий назорати департаменти томонидан Aндижон шаҳар Халқ таълими бўлимида 33,8 млрд сўм бюджет маблағларини ўзлаштириш ҳолатлари аниқланди. Бу ҳақда Молия вазирлиги Aхборот хизмати маълум қилди.
Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати департаменти томонидан 2020 йилнинг ноябр ойида бюджет маблағларини мақсадли сарфланиши юзасидан ўтказилган камерал назорат натижасида Aндижон шаҳар Халқ таълими бўлими томонидан иш ҳақи тўловлари бўйича шубҳали харажатлар амалга оширилганлиги аниқланган.
Ушбу аниқланган шубҳали харажатлар юзасидан Халқ таълими бўлимининг 2018 йил 1 ноябрдан 2020 йил 1 ноябргача бўлган даври бирламчи ҳужжатлар асосида тафтишдан ўтказилганда, ходимларга ҳисобланган иш ҳақига нисбатан 33,8 млрд сўм нақд пуллар Халқ таълими бўлимининг масъул ходимлари томонидан банкдан ортиқча олиниб, марказлашган бухгалтерия кассасига кирим қилинмасдан ўзлаштириб юборилганлиги аниқланди.
Ушбу ўзлаштирилган маблағлар 2018 йилда 1,0 млрд сўмни, 2019 йилда 12,6 млрд сўмни ва 2020 йилнинг ўтган даврида 20,2 млрд сўмни ташкил этган.
Таъкидланишича, ўтказилган тафтиш якуни бўйича тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо бериш учун Бош прокуратурага юборилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқандда жами 26 миллиард сўм бюджет маблағлари талон-торож қилингани хақида хабар берилган эди.