Кеча, 13 декабрь куни Юнусобод туманидаги “Универсам” савдо мажмуаси яқинида фуқаролар ва ички ишлар органлари ходимлари ўртасидаги келишмовчилик акс этган видео тарқалганди.
Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот хизмати ҳолат бўйича маълумот берди. Тахминан соат 15.00 да Юнусобод тумани ИИО ФМБ 5-сон ички ишлар бўлими профилактика инспекторлари подполковник Ш. Алимқулов ва капитан Д. Мажидовлар “Универсам” савдо комплекси яқинидаги ерости йўлагида ноқонуний савдо билан шуғулланувчи ва бу билан бошқа фуқаролар учун ноқулайликлар туғдирувчи шахсларга нисбатан чора кўриш ҳақидаги кўплаб мурожаатлардан сўнг воқеа жойига етиб келиб, ерости йўлагида савдо молларини териб қўйган аёл, эркак ва йигитни кўришди.
Қайд этилишича, ушбу шахслар ноқонуний савдони тўхтатиб, савдо молларини йиғиштириш ва йўлакни фуқаролар учун бўшатиш тўғрисидаги огоҳлантиришларга рад жавобини беришди. Савдо қоидаларини бузиш учун қонун билан белгиланган жавобгарлик ҳақидаги огоҳлантиришларга аёл ва эркак қўпол тарзда жавоб бериб, бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилишларини айтган.
Бундан ташқари, улар жанжал кўтариб атрофдагиларнинг эътиборини тортишган, уларнинг ўғли эса хизмат бурчларини адо этаётган ички ишлар органлари ходимлари била муштлашмоқчи бўлган. Воқеа жойига патруль-пост хизмати ходимлари етиб келишганда ҳам йигит ҳуқуқбузарликни бас қилмасдан патруль-пост хизмати ходимини юзига урган.
Шу сабабли ходимлар йигитнинг қўлларига кишан солишга мажбур бўлишган ва уч нафар тартиббузарлар шахсларини аниқлаш ва кейинги суриштирувлар учун 5-сон ИИБга олиб кетилган. Ерости йўлагида ноқонуний савдо қилувчи шахслар томонидан келиб чиққан тартиббузарлик ва ноқулайликлардан норози бўлган ўндан ошиқ ҳодиса гувоҳлари кўрсатма бериш мақсадида ички ишлар бўлимига ихтиёрий равишда етиб келишган.
Ҳуқуқбузарлар – Навоий вилоятилик 43 ёшли Акромжон ва 42 ёшли Холисхон Турдиевалар ва уларнинг ўғли 19 ёшли Абдураҳим Хидиров эканлиги аниқланди.
Айни пайтда ҳодиса юзасидан тергов олди текшируви ўтказилмоқда.