“Тошшаҳартрансхизмат” АЖ тизимида замонавий талабларга жавоб берадиган, ўз ичига автобусларга сервис ва таъмирлаш хизматлари кўрсатиш устахоналари, автобус ювиш, электробусларни қувватлаш ҳамда транспортларга ёқилғи (дизель/бензин ва сиқилган табиий газ) қуйиш шохобчаларига эга бўлган замонавий автобус саройлари қурилади.
Бу борада Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Ҳужжат лойиҳасига кўра, “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ тизимидаги “5-Автобус саройи“ МЧЖ ва “8-Автобус саройи” МЧЖга Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ тумани, Охунбобоев массиви ҳамда Тошкент тумани, Хасанбой Агро Нур агрофирмаси ҳудудидан қуриш учун ер участкалари ажратилади.
Қайд этилишича, кўрсатилган манзилдаги қишлоқ хўжалиги фойдаланишида бўлган ер участкалари, истисно тариқасида электрон аукцион ўтказмасдан ажратилмоқда.
Ҳукумат қарори лойиҳасида белгиланишича, янги автобус саройлари қуриш, ободонлаштириш ва жиҳозлаш ишлари доирасида, истисно тариқасида Тошкент шаҳар ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати” ИК буюртмачи этиб белгиланди.
Буюртмачи, қурилиш бўйича бош лойиҳачини ва бош пудратчини белгилаш юзасидан, ўрнатилган тартибда тендер ҳужжатлари ишлаб чиқсин ва тендер савдоларини ўтказади.
Шунингдек, ажратилган ер участкалари бўйича қишлоқ хўжалиги нобудгарчилик учун тўловлар ҳисобланмасдан, қурилиш ишлари амалга оширилади.
Маълумот учун, Ҳукуматнинг 2020 йил 14 апрелдаги 199-ф-сон фармойиши билан “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ тизимидаги “5-Автобус саройи“ МЧЖнинг Тошкент вилояти, Юқори Чирчиқ тумани, Миробод МФЙ, Оҳангарон кўчаси 4-уй манзилида жойлашган бино-иншоотлари ва ҳудуди “Трансйўлқурилиш” ДУКга берилганди.
Бундан ташқари Тошкент шаҳри, Юнусобод тумани, Янгишаҳар кўчаси 7-уй манзилида жойлашган “8-Автобус саройи” МЧЖ бино-иншоотлари Тошкент архитектура-қурилиш институти қошида “Қурилиш хаби” ташкил этиш учун ажратиб берилган эди.