Поиск
RUUZ

Криминал

Тошкентда хорижлик фуқародан 70 минг доллар талаб қилган пойтахт ҳокимлиги ҳуқуқшуноси ушланди

Қўлга олинган шахс воситачи орқали чет эл фуқаросидан тезлаштирилган товон пули тўлаш эвазига 70 минг АҚШ доллари талаб қилган. Иштирокчилар орасида пойтахт Иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси мутахассиси ҳам бор бўлган.

91views0replies
0

Видеодан кадр

Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Юридик бошқармаси юристконсульти чет эл фуқаросига тегишли бўлган кўчмас мулк давлат эҳтиёжлари учун бузилганлиги сабабли, компенсация сифатида суд қарори билан давлат томонидан ажратилиши белгилаб қўйилган 8,8 млрд сўмни тезлаштириб олиб бериш эвазига, ўзининг таниши орқали мазкур пулдан 70 минг АҚШ доллари талаб қилган. Акс ҳолда, суд қарори юзасидан Тошкент шаҳар ҳокимлиги номидан кассация шикояти бериб, кўчмас мулкни қайта баҳолаш йўли билан, белгиланган компенсация миқдорини камайтириши мумкинлигини айтган.
ДХХ ҳамда ИЖҚКД ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда, воситачи хорижий фуқародан 70 минг АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Сўров суҳбати давомида, у бир муддат аввал юристконсультга ўз ҳисобидан 50 минг АҚШ доллари бериб қўйганлигини айтиб, яна 15 минг АҚШ долларини юристконсультга олиб бориб беришини, қолган 5 минг АҚШ долларини эса ўзининг воситачилик хизмати учун олиб қолишни режалаштирганлигини маълум қилди. Тезкор тадбир давом эттирилиб, юристконсульт 15 минг АҚШ долларини олган вақтида ушланди.
Шунингдек, юристконсульт муқаддам ўзининг воситачисидан олган 50 минг АҚШ долларидан 10 минг АҚШ долларини компенсация маблағининг ўтказилиш жараёнини тезлаштириб бериши учун Тошкент шаҳар Иқтисодиёт ва молия бош бошқармасининг бош мутахассисига берганлиги маълум бўлди.
Юрисконсульт кўрсатмаси асосида бош мутахасисс процессуал тартибда ушланди ҳамда юристконсульт 40 минг АҚШ долларини, бош мутахассис эса 10 минг АҚШ долларини ихтиёрий равишда тақдим қилди.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
91views0replies
0

Комментарии