Президент Шавкат Мирзиёев 27 март куни иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштиришга оид тақдимот билан танишди.

Жорий йил сентябрдан халқаро мактаб фаолиятини йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. Бунга дастлаб 8-синф битирувчилари орасидан энг иқтидорли 60 нафар ўғил-қиз саралаб олинади. Таълим дастури халқаро андоза асосида 3 қисмдан – асосий фанлар, ихтисослик фанлари, етакчилик ва ижтимоий фаолликни ўргатувчи фанлардан иборат бўлади. Ўқув йили 3 даврга бўлиниб, 11 ой давом этади.
Президентнинг яна бир ташаббусига мувофиқ, ёшларимизни Американинг “Печак лигаси” (The Ivy League) университетларига тайёрлаш йўлга қўйилади. Бунинг учун 6 босқичли Миллий дастур қабул қилинади. Бу йил дастлаб 3 минг нафар ўқувчи саралаб олинади. Уларга Президент ва ихтисослашган мактаблардан 208 нафар маслаҳатчи бириктирилади.

Ўқувчилар Ренессанс оромгоҳида йил давомида 3 ҳафталик интенсив ўқув курсларда ўқитилади.
Яхши натижа кўрсатган 40 нафари “Печак лигаси” университетларига тажриба алмашиш учун юборилади.
Кейинги муҳим масала – чет элда ўқиган ёшларни ватанимизда ўз соҳаси бўйича муносиб иш билан таъминлаш. Бу борада “Мамлакат олтин фонди ҳамжамияти”ни тузиш таклиф этилмоқда. У орқали иқтидорли ёшлар ягона платформада бирлаштирилади. Хорижда таълим олиб қайтганлар учун имтиёзлар, грантлар, стартап дастурлари ва бошқа имкониятлар яратилади. Ҳар йили 25 майда ҳамжамият қурултойи ўтказилиб, унда таълим ислоҳотлари, иқтидорли ёшлар учун яратилган имкониятлар, чет эл олийгоҳлари тажрибаси каби мавзуларда мулоқот йўлга қўйилади.
Мутасаддиларга бу имкониятларни янада ошириш, жамғарма фаолиятини такомиллаштириш бўйича кўрсатмалар берди.