Поиск
RUUZ

Спорт

Қирғиз Республикасига қарши эртанги ўйинда муҳим ўйинчилар майдонга туша олмайди — Тимур Кападзе

ЖЧ-2026 3-саралаш босқичи доирасидаги Ўзбекистон МТЖ ва Қирғиз Республикаси ўртасидаги эртанги бўлиб ўтадиган ўйин олдидан миллий терма жамоа бош мураббийи Тимур Кападзе ва футболчи Одил Ҳамробеков иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

192views0replies
0

UzNews.uz

Эртага, 20 март куни футбол бўйича ЖЧ-2026 3-саралаш босқичи доирасида Ўзбекистон миллий терма жамоаси "Бунёдкор" стадионида Қирғиз Республикасига қарши баҳс олиб боради.
Эртанги бўлиб ўтадиган ўйин олдидан бугун "Бунёдкор" матбуот анжуманлар залида Ўзбекистон МТЖ бош мураббийи Тимур Кападзе ва футболчи Одил Ҳамробеков иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
"Эртага бизни қизиқарли учрашув кутмоқда. Унинг нақадар муҳимлигини ҳис қилиб турибмиз. Тайёргарлик яхши кечмоқда, ўз уйимизда, мухлисларимиз билан бирга ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз. Футболчи сифатида Қирғиз Республикасига қарши ўйинларда майдонга тушганман, бироқ ҳозир вазият бутунлай бошқача. У ерда ҳам футбол ривожланмоқда.
Йигитлар учрашувга тайёр, барчалари соғ-саломат. ФИФА кунлари бўлгани сабабли аксарият легионерларимиз кечроқ йиғинга қўшилишди. Ўйлайманки, футболчиларимиз энг яхши ўйинларини намойиш этишади. Жароҳатлар футболнинг ажралмас қисми. Чунки майдонда ҳақиқий кураш кечади. Миллий терма жамоа ўйинчиси ҳар қандай ҳолатга тайёр туриши керак. Албатта, ҳар бир футболчининг ўз ўрни бор, лекин таркибимиздаги бошқа ўйинчилар ҳам юқори савияда ҳаракат қилишади ва Ҳусниддин Алиқуловнинг йўқлигини сездиришмайди," - деди Тимур Кападзе.
Шунингдек, бош мураббий жароҳати сабабли терма жамоа лагерини тарк этган Остон Ўрунов ҳақида ҳам тўхталиб ўтди. Унинг фикрича кечаги машғулотларда Остон Ўрунов ўзини ноқулай ҳис қилган ва тўлиқ ҳаракат қила олмаган. Ҳозир у шифокорларимиз назоратида эканлиги таъкидланди.
Ўрунов ўрнига таркибга Ҳожимат Эркиновни жалб этилди, чунки ҳар бир футболчи терма жамоа учун муҳим ҳисобланади. "Футбол жамоавий ўйин, шунинг учун ҳар бир футболчи бир-бирининг ўрнини тўлдира олиши керак," - дея қўшимча қилди Кападзе.
"Ўз майдонимизда ўйин ўтказамиз, шунинг учун бор кучимизни ишга соламиз. Бугунгача ҳар бир учрашув юқори босим остида ўтган эди, бироқ футболчилар бунга бардош бериб, керакли натижаларни қўлга киритишди.
Олимпиадага йўлланмани қўлга киритган биринчи мураббий эканим тарихда қолди. Ҳозир олдимга қўйилган муҳим вазифам бор. Жамоамиз билан бирга бу вазифани уддалашимиз керак. Ҳаммаси ўз қўлимизда. Керакли очколарни жамғарсак, гуруҳдаги бошқа ўйинларга эътибор қаратишга ҳожат қолмайди. Энг муҳими шу.
Асосий эътиборимиз эртанги баҳсга қаратилган. Ўйин қандай кечишидан қатъи назар, рақибга имкон қолдирмаслик ва ғалаба қозониш учун ҳаракат қиламиз. Насиб бўлса, мухлисларимиз олдида юзимиз ёруғ бўлади," - дея журналистлар саволларига жавоб берди Тимур Кападзе.
Шундан сўнг миллий терма жамоа ярим ҳимоячиси Одил Ҳамробеков учрашувдан олдин ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
Ҳамробеков аввало, футболчилар номидан бундан аввалги бош мураббий Сречко Катанецга уч ярим йиллик фаолияти учун миннатдорлик билдириб ўтди. Унга соғлик тилади. Эртанги учрашувнинг нақадар муҳимлигини барча ҳис қилиб турганини, жамоа сифатида бирдамликда ҳаракат қилиб, ўз олдига қўйилган вазифани уддалаш кераклиги ҳамда бунга бутун жамоа билан пухта тайёргарлик кўрилаётганини таъкидлаб ўтди Одил Ҳамробеков.
Шундан сўнг футболчи журналистлар томонидан берилган саволларга жавоб берди.
"Майдонда ном эмас, футболчилар ҳаракат қилади. Агар рақибни менсимасак, бу бизнинг энг катта хатомиз бўлади. Истакларимиз рақиб жамоаникидан юқори бўлсагина, ўз устунлигимизни намоён эта оламиз. Ўйинчиларнинг даражаси ана шунда кўринади. Қирғиз Республикасини ҳурмат қиламиз, лекин 90 дақиқа ичида ҳар қандай рақибни мағлуб этиш мумкин. Рақиб жамоанинг ҳозирги ҳолати бизни чалғитмаслиги керак.
Мухлислар билан тўлган стадионда футбол ўйнаш мезбон жамоага ҳар томонлама ёрдам беради, шу билан бирга, футболчилар зиммасидаги масъулиятни ҳам оширади. Ички чемпионатимиз ўйинларида майдон ҳолати аъло даражада эди. Ўйлайманки, бу биз учун муаммо бўлмайди," - деди Одил Ҳамробеков.
Эслатиб ўтамиз, ЖЧ-2026 саралаш босқичи 3-тур доирасидаги Ўзбекистон ва Қирғиз Республикаси ўртасидаги учрашув эртага "Бунёдкор" стадионида соат 21:00 да бошланади.
192views0replies
0

Комментарии