Ўзбекистондаги коррупция ҳолатлари ҳақида сўз очилса, биринчи навбатда таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларидан порахўрлик ҳолатлари тилга олиниши одатга айланган.
Илгари ота-оналар болаларини мактаб ёки боғчага жойлаштиришда катта қийинчиликларга дуч келарди. Ҳужжат топшириш, навбат кутиш ва айрим ҳолларда “бошқа йўллар” билан ишни ҳал қилишга мажбур бўлиш ҳолатлари кўп учрарди. Бунга сабаб таълим тизимида шаффофлик йўқлиги ва коррупция хавфи юқори экани эди.
Шу сабабли, 8 йил олдин соҳани рақамлаштириш ва давлат хизматларини соддалаштириш кун тартибига қўйилди.Натижалар ҳам салмоқли. Биргина мисол, 2025 йил 7 март ҳолатига Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали болани давлат мактабгача таълим муассасасига жойлаштириш учун 8,6 млнга яқин, бир мактабдан бошқа мактабга кўчириш учун порталга деярли 24 мингта ариза юборилган.
Энди тасаввур қилинг, агар тизим рақамлаштирилмаганда, қарийиб 9 млнгга яқин мурожаатчи боласини боғча ва мактабга жойлаштириш учун кимнидир қош-қовоғига қарашига, ёки бўлмасам ишини ҳал қилиш учун коррупция элементларидан фойдаланишига тўғри келар эди.
Шунингдек, ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали охирги йилларда таълим тизимида 10 дан ортиқ хизмат турлари тўлиқ электрон шаклга ўтказилди.Жумладан:
- болани давлат мактабгача таълим муассасасига жойлаштириш учун ариза бериш;
- болани мактабнинг биринчи синфига жойлаштиришга ариза юбориш;
- болаларни бир мактабдан бошқа мактабга кўчириш учун ариза юбориш;
- Болалар мусиқа ва санъат мактабига ўқишга кириш учун ҳужжат топшириш;
- умумий ўрта таълим тўғрисида шаҳодатнома маълумотини олиш;
- мактабгача таълим ташкилоти учун амалга оширилган тўловлар тўғрисида маълумот олиш;
- чет эл фуқароларининг фарзандларини мактабга қабул қилиш;
- Президент, ижод, ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатларига ариза юбориш, топширилган тест натижалари бўйича маълумот олиш;
- болаларни боғчага қабул навбатини текшириш;
- ўқувчиларни бир спорт таълим муассасасидан бошқасига кўчириш учун ариза бериш;
- олимпия ва миллий спорт турлари бўйича давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатларига ўқишга кириш учун ариза юбориш каби давлат хизматлари йўлга қўйилган.
Бу аҳолига қулайлик яратди, коррупцияга қарши самарали восита бўлди. Энди ота-оналар фарзандларини мактабга ёки боғчага жойлаштириш учун турли идораларга қатнаб, ортиқча овора бўлмайди. Барча жараёнлар интернет орқали онлайн амалга оширилмоқда.
Натижада, мазкур соҳадаги мурожаатлар сони 2,5 баробарга камайган. Бу шуни англатадики, аввалги бюрократик тўсиқлар ва коррупция элементлари аста-секин йўқ қилинмоқда. Одамлар ўзига керакли хизматни тез ва осон тарзда олиш имкониятига эга бўлмоқда.
Таълим тизимида коррупцияга қарши курашиш йўлида рақамлаштириш ва электрон хизматларни жорий этиш катта самара берди. Бу нафақат аҳоли учун қулайлик яратди, балки давлат идораларидаги шаффофликни таъминлади. Энди олдимизда турган вазифа эришилган натижалардан тўхтаб қолмаслик ва бошқа соҳаларда ҳам шундай ислоҳотларниамалга оширишдан иборат. Бу жамият тараққиёти учун муҳим қадам бўлиши шубҳасиз.
Илхом Джураев,
Халқ депутатлари Сергели туман
Кенгаши депутати