АҚШ президенти Дональд Трамп фуқароларининг мамлакатга кириши тақиқланган ёки чекланган мамлакатларнинг "қизил" ва "тўқ сариқ" рўйхатларини жорий қилмоқчи. Бу ҳақда Америка расмийлари The New York Times газетасига маълум қилди.
Уларнинг сўзларига кўра, рўйхат Трамп ўзининг биринчи президентлик муддатида ишлаб чиққан рўйхатдан кенгроқ бўлади. АҚШнинг собиқ раҳбари Жо Байден бу чорани бекор қилди.
Газета суҳбатдошларидан бирининг аниқлашича, ҳозирда "қизил" рўйхат фуқаролари тақиқ остига тушган мамлакатлардан иборат. Булар Куба, Эрон, Ливия, Шимолий Корея, Сомали, Судан, Сурия, Венесуэла ва Яман. Унга Афғонистонни қўшиш режалаштирилган. Кеча, 6 март куни Reuters тахминий чекловлар АҚШ ва покистонликларнинг мамлакатга эркин киришига тўсқинлик қилиши мумкинлиги ҳақида хабар берди.
"Тўқ сариқ" рўйхатдаги давлатлар фуқароларига фақат маълум турдаги визалар берилади: хизмат сафарига кетаётган бадавлат одамлар учун, аммо муҳожирлар ёки сайёҳлар учун эмас. Шу билан бирга, грин-карта ёки амалдаги визаси бор фуқароларнинг аҳволи ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. Масалан, аввалроқ кўплаб Афғонистон фуқароларига АҚШга қочқин мақомида киришга рухсат берилган эди.
Миграция сиёсатининг қатъийлаштирилиши Оқ уй раҳбари Дональд Трампнинг асосий сайловолди ваъдаларидан бири эди. Январь ойида лавозимга киришганидан сўнг, у Мексика билан чегарада фавқулодда ҳолат ва девор қуриш тўғрисидаги фармонларни имзолади.