Поиск
RUUZ

Общество

"Иш, ўқиш ва оилани бирлаштирган хотин-қизлар — замонамизнинг чинакам қаҳрамонлари" — президент

Шавкат Мирзиёев Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган тантанали маросимда иштирок этди.

83views0replies
13

president.uz

Тантанали тадбирда президент сўнгги йилларда Янги Ўзбекистонда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, шаъни ва қадр-қимматини улуғлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб келаётганини таъкидлади.
"Бугун биз уларнинг турли соҳа ва тармоқларни, бутун мамлакатни жадал ривожлантиришга қўшаётган муносиб ҳиссасини миннатдорлик билан эътироф этамиз. Уларнинг давлат бошқаруви тизимида, парламент фаолиятида тобора фаол иштирок этаётгани жамият ривожига қандай ижобий таъсир кўрсатаётганини ҳаётнинг ўзи тасдиқлаб бермоқда. Энг муҳими, оқила, билимли ва истеъдодли аёлларимиз давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида биз учун ибрат намунаси бўлиб келмоқда.
Ҳаммамиз яхши тушунамиз, хотин-қизлар зиммасида жуда кўп ташвиш ва масъулиятлар бор. Уй-рўзғор юмушлари, фарзанд тарбияси билан бирга ўқиб-ўрганаётган, меҳнат қилаётган, тадбиркорлик билан шуғулланаётган хотин-қизлар том маънода замонамиз қаҳрамонлари, десак, муболаға бўлмайди. Янги Ўзбекистонда оналаримиз, опа-сингилларимизнинг оғирини енгил қилиш, уларга барча соҳаларда зарур шароитлар яратиш доимо давлат сиёсатининг марказида бўлади, - дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.
Шу муносабат билан ижтимоий ҳимоя соҳасидаги ишлар мутлақо янгича ташкил этилади. Ўрганиш натижаларига кўра, ҳар бир маҳалладаги 1 миллиондан кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизлар "Аёллар дафтари"га киритилди. Жорий йилда ушбу тоифадаги хотин-қизларнинг ҳар бири билан манзилли иш олиб борилади.
Шунингдек, ҳар йили оғир турмуш шароитига тушиб қолган 50 минг нафар хотин-қизлар республиканинг соғломлаштириш зоналарига ўқиш ва дам олиш учун юборилади. Уларга психологик ёрдам кўрсатилади, тадбиркорлик кўникмаларини ўргатиш бўйича мотиватсион семинарлар ташкил этилади.
Бундан ташқари, мамлакатдаги 230 та туғруқ муассасаси 21 мингта замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланади. Шунингдек, жорий йилда 1,5 миллион нафар хотин-қиз онкологик касалликларни эрта аниқлаш бўйича скрининг текширувидан ўтказилади. Жорий йилда барча маҳаллалардаги 4 миллион хотин-қизлар оммавий спорт мусобақаларига жалб қилинади.
Президентимиз сўнгги йилларда хотин-қизларнинг сифатли таълим олишига алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
"Такрор ва такрор айтаман, битта қизни ўқитсак, бутун оила ўқимишли бўлади. Оила маърифатли, зиёли бўлса, бутун жамиятнинг онги ва маданияти ҳам юксалади, - деди Шавкат Мирзиёев.
Ҳозирги кунда 6200 дан ортиқ хотин-қизлар илмий фаолият билан шуғулланмоқда, улар илмий ишланмаларнинг 25 фоизини яратувчилари ҳисобланади, буларнинг барчаси уларнинг жамиятдаги ўрни ортиб бораётганидан далолат беради.
"Хотин-қизлар замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллаган юртда тинчлик ва тараққиёт бўлади. Аёллари илмли бўлган халқ, албатта, бахтли бўлади.
Шунинг учун биз бундан буён ҳам ҳар бир оиладаги қизларнинг боғча ва мактабларда таълим-тарбия олиши, талаб юқори бўлган касб-ҳунарларни, хорижий тилларни пухта эгаллаши, олий маълумотли бўлиши учун шароит яратиб берамиз. Хусусан, бу йил яна 250 минг нафар қиз олий таълим билан қамраб олинади. Бу 2017-йилга нисбатан 3,5 баробар кўпдир. Натижада ҳар бир маҳалладан 25-30 нафар хотин-қиз олийгоҳларда ўқиш имкониятига эга бўлади," - деди президент.
Бундан ташқари, оғир аҳволга тушиб қолган оилаларнинг иқтидорли ёшларини хорижда ўқитиш бўйича "Ёрқин келажак" лойиҳаси бошланади. Ушбу лойиҳа доирасида ҳар йили камида 200 нафар қиз дунёнинг нуфузли олий таълим муассасаларига ўқишга юборилади.
Давлатимиз раҳбари Савдо-саноат палатаси ҳузурида Ишбилармон аёллар кенгаши ташкил этилгани, у жойларда тадбиркор аёлларни қийнаётган ҳаётий масалаларни парламент олдига тўғридан-тўғри қўяётгани ҳақида ҳам гапирди.
"Ўз зиммасига катта ижтимоий масъулият олган бундай ишбилармон аёлларни мен Янги Ўзбекистон бунёдкорлари, деб биламан ва уларга ўзимнинг чуқур миннатдорчилигимни билдираман. Улар учун қўшимча шароит ва енгилликлар яратишга тайёрман," - деди президент.
Жорий йилда маҳаллаларда хотин-қизлар тадбиркорлиги лойиҳаларини амалга ошириш учун қўшимча 3,3 триллион сўм йўналтирилади. Хусусан, оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида яна 100 миллион доллар ажратилади. Бундан ташқари, тижорат банклари томонидан ҳам 100 млн доллар жалб қилиниб, маҳаллалардаги ўзини ўзи банд қилган аёлларга 50 млн сўмгача гаровсиз кредитлар ажратилади.
"Биз барча соҳа ва йўналишларда маррани катта оляпмиз. Уларга эришишда баркамол авлод тарбияси фидойи оналар қўлида бўлишига таянамиз.
Бугун биз мард ва олижаноб халқимиз билан бирга, унинг улкан бунёдкорлик салоҳиятига таяниб, бошлаган ислоҳотларимизни янги босқичга кўтариш учун уларни қатъий давом эттирмоқдамиз. Жонажон Ўзбекистонимизни барпо этиш ва ривожлантиришнинг янги босқичида азиз аёлларимиз доимо олдинги сафда бўладилар, деб ишонаман.
Сизларни қутлуғ байрамингиз билан яна бир бор чин қалбимдан самимий табриклайман. Барчангизга сиҳат-саломатлик, тинчлик-хотиржамлик, энг бебаҳо бойлик - оилавий бахт тилайман. Доимо фарзандлар ва яқинлар меҳри, эл-юрт эътибори ва ардоғида бўлинг," - деди давлат раҳбари.
83views0replies
13

Комментарии