Жанубий Корея суди президент Юн Сок Ёлни ҳибсга олиш ордерини бекор қилди, дея хабар бермоқда Yonhap агентлиги.
"Юн Сок Ёл қисқа муддатли ҳарбий ҳолат жорий этилгани муносабати билан ҳибсга олишни бекор қилиш тўғрисидаги илтимоси суд томонидан қаноатлантирилганидан сўнг ҳибсдан озод қилинди," - дейилади хабарда.
Агентлик маълумотларига кўра, февраль ойида давлат раҳбари Жанубий Кореяда ҳарбий ҳолат эълон қилиниши бўйича айблов хулосасини ноқонуний деб атаб, Сеул марказий туман судига илтимоснома киритган.
Республика прокуратураси жорий йил 26 январь куни президент Юн Сок Ёлга исён уюштирганликда айблов эълон қилган эди.
Маълумот ўрнида, 2024 йил декабрь ойи бошида президент ҳарбий ҳолат эълон қилганидан кейин республикадаги вазият кескинлашганди. Бунга сабаб сифатида у импичмент жараёнини ўтказишга уринишлар туфайли ҳокимият фалажланиши хавфини келтириб ўтди. Фавқулодда ҳолат қўмондони, қуруқликдаги қўшинлар штаби бошлиғи Пак Ан Су ҳарбий ҳолат бекор қилинмагунча мамлакатда сиёсий партиялар ва бирлашмалар парламентининг фаолияти тақиқланганини таъкидлаганди.
Юн Сок Ёл жорий йилнинг 15 январь куни 48 соатга ҳибсга олинганди ва бу вақт ичида суд кейинги ҳибсга олиш тўғрисида қарор қабул қилиши керак эди. Сеулнинг Ғарбий округ суди 19 январь куни президентни ҳибсга олиш тўғрисида қарор чиқарди, шундан сўнг унинг тарафдорлари погром уюштирди.