РШТЁИМ Бухоро филиали мутахассиси томонидан ошқозон ва 12 бармоқли ичакларига тушган ёт жисмлар муваффақиятли олиб ташланди. Бу ҳақда РШТЁИМ Бухоро филиали Ахборот хизмати хабар қилди.
Қайд этилишича, куни кеча РШТЁИМ Бухоро филиалига 2005 йилда туғилган бемор кўнгил айниши, эпигастрал соҳасидаги кучли оғриқ ва овқат ўтишининг қийинлашишидан шикоят қилиб мурожаат қилган.
Анамнезидан у 2 кун олдин кўп тўғноғич ва мих ютганлигини билдирган. Шунингдек, бемор психиатр назоратида рўйхатда турган.

Унда ўтказилган рентгенография текширувида ошқозон ва 12 бармоқли ичакда кўп сонли металлсимон ёт жисмлар, ФГДС текшируви орқали ошқозоннинг пилорик қисмида катта эгрилигида металлсимон кўп сонли 2Х5 см ли металсимон тўғноғич ва михлар борлиги аниқланган. Беморда зудлик билан эндоскопик амалиёт усули муваффақиятли бажарилган. Хирург эндоскопист А.Ҳайдаров томонидан махсус эндоскопик қисқич “Крокодил тиши” ва махсус эндоскопик илгаклар ёрдамида босқичма-босқич 5 дона металлсимон тўғноғич ва 6 дона мих ёт жисмлари бемор ошқозони ва 12 бармоқли ичак бўшлиғидан олиб ташланган.

Ҳозирда беморнинг аҳволи ижобий томонга ўзгариб, ошқозон ичак трактидаги патологик муаммолар бартараф қилинишига эришилган.