“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси эълон қилинди.
Ҳужжат лойиҳаси билан Бош прокуратура Жиноят-процессуал кодекси (ЖПК)нинг 323 ва 328-моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни таклиф қилмоқда.
Унга кўра, ЖПКнинг 323-моддаси қуйидаги таҳрирда баён этилади:
“Жиноят ҳақидаги имзосиз, қалбаки имзоли ёки уйдирма шахс номидан ёзилган хат, ариза ёки бошқа аноним хабарлар жиноят ишини қўзғатиш учун сабаб бўла олмайди, ушбу Кодекс 328-моддасининг 1-1-бандида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно”.
Шунингдек, Кодекснинг 328-моддаси 1-1-банд билан тўлдирилмоқда. Яъни, келгусида терговга қадар текширувни амалга оширувчи орган мансабдор шахс, суриштирувчи, терговчи, прокурор жиноятга оид маълумотлар мавжуд бўлган аноним мурожаатларни кўриб чиқиш чоғида улар билан боғлиқ маълумотларни аниқласа, жиноят ишини қўзғатишга сабаб бўлиши мумкин.