АҚШ президенти Дональд Трамп Америка расмийлари билан учрашиб, Украина масаласини кўриб чиқади ва эҳтимол, чоралар кўради, деб ёзади The New York Times нашри. Учрашув бугун, 3 март куни бўлиб ўтади, бунинг натижасида Киевга ҳарбий ёрдам тўхтатилиши мумкин.
Учрашувда давлат котиби Марко Рубио, Пентагон раҳбари Пит Хегсет ва миллий хавфсизликка масъул бошқа юқори мартабали амалдорлар иштирок этади. NYT манбаларидан бирининг сўзларига кўра, бўлажак мунозаралар Украинага ҳарбий ёрдамни, жумладан, аввалги президент Жо Байден маъмурияти томонидан маъқулланган ва тўланган ўқ-дорилар ва жиҳозларни етказиб беришни тўхтатиш ёки бекор қилишга тааллуқли бўлиши мумкин.
АҚШ Украинани қўллаб-қувватлашни бутунлай тўхтатиши мумкинлиги ҳақида ўтган ҳафта The New York Times ва The Washington Post хабар берган эди. Воқеалар ривожининг бундай варианти Трамп ва Украина президенти Владимир Зеленский ўртасидаги оммавий жанжалдан сўнг муҳокама қилина бошланди.
Зеленский 28 февраль куни Оқ уйга фойдали қазилмалар бўйича битимни имзолаш учун борди. Бироқ икки давлат президентларининг учрашуви баҳсга айланиб кетди, кейин эса Россия-Украина можаросини ҳал қилиш бўйича турли позициялар туфайли музокара муддатидан олдин тўхтатилди. Битим имзоланмади, Украина делегацияси эса Вашингтонни тарк этди.
Маълумо ўрнида, 2025 йил февраль ҳолатига кўра, АҚШ Конгресси Украинани қўллаб-қувватлаш учун 182,8 миллиард доллар ажратишни маъқуллади, шундан 123,9 миллиард доллари тўғридан-тўғри ҳарбий ёрдамга йўналтирилди.