Япониянинг катта ҳудудларида, асосан, Япон денгизи соҳилларида кучли қор ёғиши давом этади. Расмийлар ушбу ҳудуд аҳолисини саёҳат пайтида эҳтиёт бўлишга чақирмоқда.
Япония метеорология бошқармасининг маълум қилишича, қиш учун хос бўлган атмосфера босими ва совуқ ҳаво массаси Хокурику ва Тюгоку ҳудудлари ўртасидаги Япон денгизи қирғоқлари бўйлаб жойлашган ҳудудларда қисқа муддатли қор ёғишига сабаб бўлмоқда.
Душанба куни эрталаб соат 5 ҳолатига кўра, Аомори префектурасининг Сукаю туманида қор қалинлиги 5,01 метрга, Ниигата префектурасининг Уонума шаҳрида 3,84 метрга, Ямагата префектурасининг Окура қишлоғида 3,32 метрга ва Фукуи префектурасининг Оно шаҳрида эса 1,24 метрга етди. Бу ҳақда NHK WORLD-JAPAN нашрни хабар берди.
Ноқулай об-ҳаво оқибатида 20 дан ортиқ киши ҳалок бўлди. Хонсю оролининг ғарбий қирғоғида қор қопламининг баландлиги 4 метрга етди. Мамлакатнинг бир қатор ҳудудларида ёғингарчилик миқдори меъёрдан ортиб кетди.
Одатда жуда кам ёғадиган ҳудудларда, хусусан, Кинки минтақасининг марказий қисмида ва Сикоку минтақасининг пастқам жойларида кучли қор ёғишини кутиш мумкин.
Прогнозга кўра, сешанба куни эрталабгача 24 соат ичида Ниигата префектураси, шунингдек, Хокурику ва Тюгоку ҳудудларида 30 сантиметргача қор ёғиши мумкин.
Об-ҳаво бошқармаси вакиллари аҳолини транспортда узилишлар бўлиши, қор кўчиши, электр таъминоти тўхташи ва тўпланиб қолган қор туфайли дарахтлар қулаши каби ҳолатларга тайёр туришга чақирмоқда.