Аввалроқ, ижтимоий тармоқларда банклардаги омонат ҳисобварақларидан пул маблағларини ечишда истеъмолчидан маблағнинг манбаси сўралаётганлигига доир тарқалган хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан Марказий банк маълумот берди.
Амалдаги қонунчиликка асосан жисмоний шахслар ўзларига тегишли омонат ҳисобварақларидан пул маблағларини ечиб олаётганда ушбу маблағнинг келиб чиқиш манбаси тўғрисида маълумот талаб қилинмайди.
Эслатиб ўтамиз, Марказий банк молиявий хизматлар кўрсатилишига доир юзага келаётган муаммо ва камчиликларни аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг мурожаатлари ҳамда бошқа манбалар орқали доимий равишда ўрганиб, уларни бартараф этиш чораларини кўриб боради.
"Агар Сиздан банклардаги омонат ҳисобварағингиздаги пул маблағларини ечишда унинг келиб чиқиш манбаси тўғрисида маълумот талаб қилинса, Марказий банкнинг Банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш хизматига 71 212-60-94, 71 212-73-62 рақамлари орқали боғланишингиз мумкин.
Шу билан бирга, банклар, микромолия ва тўлов ташкилотлари фаолиятида хизматлар кўрсатилишига оид истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари бузилаётганлиги юзасидан мурожаатларингиз ёки таклифларингиз бўлса, уларни Марказий банкнинг [email protected] электрон манзилига юбориш сўралади", - дейилади хабарда.