Германиянинг Мюнхен шаҳрида автомобиль одамларни уриб кетди, бунинг натижасида 30 га яқин одамлар жароҳатланди, дея хабар бермоқда шаҳар полицияси. "Воқеа жойида автомобиль бир гуруҳ одамларни уриб юборди. Бир неча киши жароҳат олди," - дейилади хабарда.
Полиция маълумотларига кўра, йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида 28 киши жароҳатланган, улардан бир нечтаси ўрта ва оғир даражадаги тан жароҳати олган. Ижтимоий тармоқларда эълон қилинган воқеа жойидан олинган кадрларга кўра, ҳайдовчи Mini Cooper автомобилини бошқарган.
Bayerischer Rundfunk медиакомпанияси маълумотларига кўра, автомобиль Ver.di. касаба уюшмаси томонидан ўтказилган иш ташлаш иштирокчилари устига бостириб борган. Гувоҳлардан бирининг айтишича, ҳайдовчи машинани атайлаб оломон ичига ҳайдаган.
Бошқа гувоҳларнинг айтишича, полиция ҳайдовчига қарата ўқ узган. Ўз навбатида, полиция ҳайдовчи тирик экани ва ҳибсга олинганини маълум қилди. Кейинроқ машинани Германияда сиёсий бошпана сўраган 24 ёшли афғонистонлик бошқаргани маълум бўлди. Илгари у ўғирлик ва гиёҳванд моддалар билан ноқонуний битимлар учун ҳибсга олинганди.
Бавария федерал ери бош вазири Markus Söder гап мақсадли ҳужум ҳақида кетаётганини тасдиқлади.