Маҳалла вазирлиги 2021–2022 йилларда ҳар бир маҳаллада комплексларни ташкил этишга оид Ҳукумат қарори лойиҳасини ишлаб чиқди.
Унга кўра, республика бўйлаб 2021–2022 йилларда фуқаролар йиғинида 3017 та маҳалла комплекслари давлат-хусусий шериклик (ДХШ) асосида қурилади.
Ушбу комплексларнинг зарур ташқи муҳандислик-транспорт коммуникацияларини олиб келиш эса электр таъминоти, газ таъминоти ва алоқа қисми бўйича “Ҳудудий электр тармоқлари”, “Ҳудудгазтаъминоти” АЖ ва “Ўзбектелеком” АК маблағлари ҳисобидан, автомобиль йўлларини қуриш, сув-оқова хизмати бўйича Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман ва шаҳарлар маҳаллий бюджетларининг қўшимча манбалари ҳисобидан амалга оширилади.
Шунингдек, ивесторларга Маҳалла вазирлиги томонидан маъқулланган намунавий лойиҳаларга мувофиқ комплексларни барпо этиш, тегишли инфратузилма қуриш учун зарур ер участкалари шартномалар асосида, танлов савдоларини ўтказмасдан, тўғридан-тўғри, ҳақ ундирилмасдан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан ажратиб берилади.
Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказлари ҳамда Тошкент шаҳридаги ер участкаларидан бундан мустасно.
Ҳужжат лойиҳасига кўра, ДХШ асосида, маҳалла комплексларини қуриш учун ажратилган ер майдони миқдоридан инвесторга тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун келишув бўйича комплекслар билан бир бинода ёхуд бошқа ҳудуддан маҳалла комплекси ер майдонига тенглаштирилган ер майдони ажратилади.
Бунда, ажратилаётган ер майдони жойнинг ташқи меъморий қиёфасига мос келишига, қурилиш учун ажратилган комплекслардан кичик бўлмаган майдонга эга бўлишига асосий эътибор қаратилади.
Шунингдек, ДХШ лойиҳалари тўғрисидаги, шу жумладан уларнинг концепцияси, хусусий шерикларни танлаб олиш шартлари ва мезонлари ҳақидаги ахборот Маҳалла вазирлигининг расмий вейб-сайтларида ёритиб борилади.