Поиск
RUUZ

Криминал

Сурхондарёда $16 млндан ортиқ бўлган 612 кг. наркотик моддасини олиб кирмоқчи бўлган шахс ушланди

Мазкур наркотик воситаларини юк машинасига ортилган 2986 дона супургиларнинг дастаклари орасига яшириб, Ўзбекистонга олиб кирмоқчи бўлишган.

105views0replies
0

Давлат божхона қўмитаси

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан йирик миқдордаги гиёҳвандлик воситаларини Ўзбекистонга олиб киришга бўлган навбатдаги уриниш бартараф этилди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси Матбуот хизмати хабар берди.
Жорий йилнинг 9 февраль куни Сурхондарё вилояти божхона бошқармасининг “Айритом” чегара божхона пости орқали республика ҳудудидан транзит тарзида ўтиш учун кириб келган юк автотранспорт воситасини белгиланган технологик схема асосида божхона ва чегара назоратидан ўтказиш жараёнида мазкур автотранспорт воситасига ортилган 13,5 тонна оғирликдаги супурги ходимларнинг диққатини тортди.
Мазкур автотранспорт воситаси “Айритом” чегара божхона постига туташ ҳудуддаги “Термиз” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости тасарруфидаги божхона омборига келтирилиб, ундаги товарлар тўлиқ божхона кўригидан ўтказилди.
Аниқланишича, юк автотранспорт воситасига юкланган 180 та қопдаги мазкур супургиларни синчиклаб кўздан кечириш давомида, 2986 дона супургиларнинг дастаклари орасига айнан супурги рангига мос равишда – сариқ рангдаги скотч билан ўралган ўртача 25 см узунликдаги полиэтилен ўрамлар моҳирлик билан яширилгани фош бўлди.
Ушбу ўрамлар белгиланган тартибда ва холислар иштирокида очиб кўрилганида, уларнинг ичига ўртача 200 грамм оғирликдаги, ўткир ҳидли, тўқ жигаррангли гиёҳвандлик воситаси эканлиги маълум бўлди.
Мазкур ҳолатда 2986 дона супурги дастакларидан ажратиб олинган ўрамлардаги модда дастлабки тезкор анализ натижаларига кўра “гашиш” гиёҳвандлик воситаси бўлиб, уларнинг умумий оғирлиги 612 кг.ни ташкил қилмоқда.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, мазкур гиёҳвандлик воситасининг қора бозорлардаги нархи тахминан 16,5 млн АҚШ долларидан ошади.
Ҳозирда ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
105views0replies
0

Комментарии