Бугун, 6 февраль куни Тошкентда Ўзбекистон адлия вазири Акбар Тошқулов ва Швейцариянинг Ўзбекистондаги элчиси Константин Оболенский Швейцария ҳудудида мусодара қилинган активларни тақсимлаш тўғрисидаги битимни имзолади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
Келишув доирасида Ўзбекистон биринчи президентининг қизи Гулнора Каримовага нисбатан 2012 йилда Швейцария Бош прокуратураси томонидан қўзғатилган жиноий иш доирасида мусодара қилинган тахминан 182 миллион доллар Ўзбекистонга қайтарилади.
Маблағларни қайтариш БМТ ҳузуридаги "Uzbekistan Vision 2030 фонди" кўп томонлама траст жамғармаси орқали амалга оширилади.
"Жамғарма орқали қайтарилган маблағлар мамлакат аҳолиси манфаатлари йўлида соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларидаги ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларга йўналтирилади," - дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йил 16 август куни Берн шаҳрида Ўзбекистон ва Швейцария ўртасида Швейцария ҳудудида мусодара қилинган ноқонуний орттирилган активларни Ўзбекистон аҳолиси манфаатлари йўлида қайтариш усуллари тўғрисида битим имзоланган эди. Ушбу ҳужжат "Uzbekistan Vision 2030 фонди" жамғармаси орқали активларни қайтариш механизмларини, шунингдек, унинг асосий тамойиллари ва мақсадларини белгилайди.
Биринчи келишув доирасида Ўзбекистонга тахминан 131 миллион доллар қайтарилди. Янги битим имзоланиши билан қайтарилган маблағларнинг умумий миқдори $313 млнга етади.