Шайхонтоҳур туманида фаолият юритган ҳоким ёрдамчиси М.Ф. 20 нафар фуқароларга электрон тарзда берган тавсияномаларига асосан, қабул қилиб олган электрон калитлардан фойдаланган ҳолда жами 427,7 млн. сўмлик кредит маблағларини қўлга киритиб, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, жумладан эҳтиёжманд оила аъзоларининг ҳунармандчилик, касаначилик, томорқадан самарали фойдаланиш, кичик ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва бошқа турдаги фаолияти йўлга қўйилишини ташкиллаштирмасдан, ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборган. Бу ҳақда Бош прокуратура Матбуот хизмати хабар қилди.
Аниқланишича, М.Ф. ўзининг қариндошлари ва бошқа 5 нафар фуқароларга маҳалла ҳудудида яшамаган бўлса-да, қалбаки тавсияномалар орқали жами 207,7 млн. сўм миқдоридаги кредит маблағлари ажратилишига эришиб, ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилган.
Мазкур ҳолат юзасидан ЖКнинг 168-моддаси 4-қисми "а" банди ва бошқа моддалари билан жиноят иши қўзғатилди.
Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.